Каттақўрғонда ички ишлар ходимларининг кийимини кийиб юрган шахс жавобгарликка тортилди

2021 йил 04 февраль куни ИИВ Ўз Хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан олинган маълумотга асосан, Каттақўрғон шаҳри ҳудудида жойлашган 7-сон Тергов ҳибсхонаси атрофида ички ишлар органлари ходимларининг дала кийимини кийиб олган шахс ИИБ ходимларида шубҳа уйғотганлиги сабабли ундан хизмат гувоҳномасини тақдим этиш сўралганида, у хизмат гувоҳномаси йўқлигини билдирган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаро Каттақўрғон шаҳар ИИБга олиб борилиб, шахсига аниқлик кирилди.

Ушбу шахс Нарпай тумани “Чақар” МФЙ, “Чақар” қишлоғида яшовчи, 1997 йил туғилган Шахзод Махмудов эканлиги, эгнидаги ички ишлар органларининг дала ҳарбий кийимини тахминан 2 ой олдин 240 минг сўм эвазига тиктириб олганлиги маълум бўлди.

Ҳолат бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҲПБ томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилиб, Ш.Махмудовнинг устида бўлган ҳарбий дала кийими холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олиниб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 209-1-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш)да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати аниқланганлиги сабабли унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилди.

Ҳозирда ушбу шахснинг ҳаракатлари юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кийим-бошларини тикиш билан шуғулланадиган тикувчиларни огоҳлантиради!

Хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган ёки Кадрлар билан ишлаш хизмати томонидан тегишли хатларни тақдим этмаган шахсларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус кийим-бошларини тикиб берманг!

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM