КАТТАҚЎРҒОНЛИК МАТБУОТ КОТИБЛАРИ ВА БЛОГЕРЛАРНИНГ НОРАСМИЙ УЧРАШУВИ

Бугун шаҳримиздаги Амир Темур маҳалласида Каттақўрғон шаҳридаги идора ва ташкилотларнинг матбуот котиблари, блогерлар ва мустақил журналистлар иштирокида норасмий учрашув ўтказилди.

Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ташкил қилинган ушбу учрашувда ҳар бир давлат ташкилотида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш кун тартибидаги энг долзарб масалалар қаторига чиққанлиги, ташкилот раҳбарларининг оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиши, ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериши, жамоатчилик билан доимий алоқа қилишлари шунингдек, ахборот хизматларининг нафақат ташкилотдаги ўрни ва роли, балки, жамият ҳаётидаги иштироки қанчалик муҳим эканлиги хусусида сўз юритилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ахборот хизматлари олдига давлат органлари фаолияти тарғиботи билан боғлиқ қатор вазифалар ҳам қўйилган. Айни пайтда ахборот хизмати ходими мақола ва материаллар тайёрлаши, ахборот макони мониторингини юритиши, ташкилотнинг веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги ҳамда мобил мессенжерлардаги каналларига ахборот жойлаштириши, фото-видео материаллар тайёрлаши, медиа-режалар ижросини таъминлаши, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ишлаши керак.

Албатта мана шундай тадбирларнинг ташкил этилиши ишларни самарали ташкил этишда, зарур кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув давомида матбуот котиби ва ташкилот раҳбарининг имижини шакллантириш, ижтимоий тармоқлар билан ишлаш, материалларни жойлашда эътибор қаратиладиган муҳим жиҳатлар, онлайн ва оффлайн ахборот тарқатишнинг ўзига хос томонлари акс этган амалий машғулот ҳам ўтказилди.

Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари эшитилди ва ҳар ҳафтада мана шундай учрашувларни ташкил қилишга келишиб олинди.

 Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM