АҲИЛ ОИЛАЛАРНИНГ ҲАЁТИЙ ТАЖРИБАЛАРИ ЎРГАНИЛДИ 

Президентимиз Ўзбекистон Ёшлар Форумида сўзлаган нутқларида 2020 йилда ёш оилалар ўртасидаги ажримлар, уларнинг салбий оқибатлари барчани жиддий ташвишга солиши лозимлигини таъкидлаган ҳолда кенг жамоатчиликка, тажрибали, кўпни кўрган нуронийлар, онахонларга Мурожаат қилган эдилар.

Ўз навбатида оилани муқаддас деб билган бир гуруҳ фаол нуронийлар, муътабар оналар ва ибратли оилалар вакиллари Президентимизнинг Мурожаатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон ёшларига “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳаётида оиланинг ўрнини янада ошириш” мавзусида Мурожаатнома қабул қилдилар.

Унга кўра маҳаллаларда ҳар шанба куни “Аҳил оила куни” деб эълон қилиниб, ёш оилаларга, айниқса янги ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларга Мурожаатнома мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш белгиланган.

Шаҳримизда ҳам бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлардан келиб чиқиб шанба куни маҳаллаларда “Аҳил оила куни” сифатида белгиланиб ибратли, аҳил оилалар вакиллари иштирокида тадбирлар ташкил қилинди. 

Шу куни шаҳар Драма театрида бўлиб ўтган тадбирга аҳил оилалар сифатида эътироф этилган 5 та оила яъни, "Ермачит" маҳалласидаги 35 йиллик ҳаётий тажрибага эга Ахмедовлар оиласи, 48 йилдан буён тинч –тотув яшаб келаётган "Дамариқ" маҳалласидан Болиевлар оиласи, “Яккабоғ” маҳалласидаги 40 йиллик аҳил Зубайдуллаевлар оиласи, “Қориравот” маҳалласидаги Бозоровлар оиласи ҳамда ушбу маҳалладаги 56 йиллик ҳаётий тажрибага эга бўлган Сатторовлар оилалари таклиф этилдилар.

Иштирокчиларга шунингдек, тадбир давомида оиланинг жамиятдаги ва инсон ҳаётидаги ўрни, оилавий низоларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича Мурожаатнома ҳам ўқиб эшиттирилди. 

Тадбирда шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ф.Рахимова, шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Ш.Кучкарова, маҳаллалардаги фаол кексалар, онахонлар ва ибратли қайноналар ҳамда намунали оилаларнинг вакиллари иштирок этдилар. 

-Энди ҳар хафтада маҳаллаларда мана шундай “Аҳил оила куни” доирасидаги тадбирларни давом эттирамиз, дейди- шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Шаҳло Кучкарова. 

Куй-қўшиқлар остида давом этган тадбир сўнггида аҳил оилаларга Ташаккурномалар ва эсдалик совғалари тадим этилди.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM