ШАҲАР КЕНГАШИ СЕССИЯСИ

Бугун шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида VI-чақириқ Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар Халқ қабулхонаси, секторлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Сессия кун тартибида “Коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодий-ижтимоий оқибатларини юмшатиш, ишсиз ва кам таъминланган аҳоли қатламига ихтиёрий тарзда тадбиркорларни бириктириш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу жараёнда фаол иштирок этган тадбиркорларга давлат томонидан имтиёзлар берилишини ташкил этиш тўғрисида” ги 1 та асосий масала кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан шаҳар ҳокими, 1-сектор раҳбари Гавҳар Алимова, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 апрель куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини тизимли ташкил этишга доир берган топшириғи юзасидан шаҳримизда бошлаб юборилган амалий ишлар хусусида сўз юритди. 

Каттақўрғон шаҳрида бугунги кунда 36 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 23293 та оила, 89600 нафар аҳоли истиқомот қилади. Ўрганишлар давомида 1053 (4782 нафар фуқаро) та муҳтож оилалар мавжудлиги аниқланди. Ушбу муҳтож оилаларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, тиббий хизмат ва бошқа мажбурий тўловлари бўйича харажатларини қоплаш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш хоҳиш-истагини билдирган 289 та тадбиркорлик субъектларининг рўйхати шакллантирилди.

Бунда саховатпеша тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ушбу ишларда депутатлар ҳам фаол бўлишлари, белгиланган хайрли тадбирларни амалга оширишда барча-барча бугун ҳамжиҳатлик билан иш олиб бориши, аҳолини нафақат моддий балки, маънавий томондан ҳам қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлади шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Сессияда сектор раҳбарлари ҳудудларидаги маҳаллалар кесимида рўйхати шаклланган ишсиз ва кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ихтиёрий тарзда тадбиркорларни бириктириш борасида амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлар юзасидан ахборот бердилар.

Кун тартибидаги кўрилган масала юзасидан эшитилган ахборотлар ва берилган таклифлар муҳокама қилинди ва мутасаддилар томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйиш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан қарор қабул қилинди.

Шунинг билан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 6-сессияси ўз ишини тамомлади.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM