КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИГА ЯНГИ ҲОКИМИ ТАЙИНЛАНДИ

Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўтган даврда Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилган ишларга танқидий баҳо берди. Сектор тизимида олиб борилаётган иш фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаслигини таъкидлади. Ҳоким шунингдек, ёшлар масаласи, халқ таълими, мактабгача таълим муассасаси, бозорлар бўйича тўхталиб ўтиб, мазкур соҳаларга  етарли даражада эътибор берилмаётганлигини айтди.

Кун тартибидаги  ташкилий масала кўриб чиқилди.

Шаҳар ҳокими Хашимов Музаффар Казимович ўз аризасига биноан ишдан озод этилди. Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Алимова Гавҳар Зойировна Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Гавҳар Алимова Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Жомбой туманидаги 16-мактаб йўриқчилигидан бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси мутахассиси, аввалги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2018 йилдан 2020 йилгача Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, яқиндан бошлаб эса Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Гавҳар Алимова 2017 йилдан буён Каттақўрғон шаҳрига ҳокимлик қилган Музаффар Хошимов ўрнини эгаллади.

Сессияда шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Х. Шодиева, ҳоким ўринбосари Ф. Раҳимова, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши раиси Ф. Нажимов, журналист А. Хошимовлар сўзга чиқди.

Сессияда депутатлар томонидан Алимова Гавхар Зайировна номзоди Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

2015-2021 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM