СУДЛАР ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСЛАРИ

Сўнгги йилларда кенг кўламли суд-ҳуқуқ, ислоҳотлари натижасида мамлакатимиз суд ҳокимияти ривожланишининг мутлақо янги даври бошланди.

2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  белгиланган   вазифалардан  келиб чиққан  ҳолда  қабул  қилинган  қонунлар, фармон ва қарорлар суд тизимини тубдан та­комиллаштириш, фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашнинг янги босқичини бошлаб берди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақилли­гини ва очиқлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги  «Суд  муҳокамаси  ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги 4-сонли қарори фикримизнинг яққол далилидир.

«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ; ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ, мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Мазкур Қонун талабига биноан, юқорида қайд қилинган Пленум қарорида суд муҳокамасининг ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда хуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Ушбу Қарорда судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Карорда тушунтирилишича, оммавий ах­борот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) хақли эмас. Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.

Суд муҳокамасининг ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади. Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси за­лига киришига тўсқинлик қилишга йўл қў­йилмайди.

Шунингдек, Қарорда иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқариб, унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқин­лик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши кераклиги, иш ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши лозимлиги, иш муҳокама­си ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши ҳақида суд мажлиси баённомасида ва иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида ҳам кўрсатилади, деб тушунтириш берилган.

Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтка­зилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари ва­киллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирок­чилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди.

Агар суд томонидан жиноят ишининг муайян қисми ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинса, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари ва­киллари суд мажлисининг шу қисмига ки­ритилмайди.

Қарорнинг 14-бандида қонунга кўра, очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга фуқаролик ишини кўриш пайтида - суд мажлисида раислик килувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;

жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида - суд мажлисида раислик қи­лувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан йўл қўйилиши, 16-бандининг иккинчи хатбошисида чет давлатлар оммавий ахборот воситалари вакил­лари суд мажлиси залига улар Ўзбекистан Республикасида аккредитация қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этган тақдирда киритилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Процесс иштирокчиси бўлмаган шахс­лар, шу жумладан, оммавий ахборот воси­талари вакилларининг очиқ суд мажлисида қатнашишини чекловчи ёки уларга монелик қилувчи шароит яратилиши ман этилади ва бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.

Мазкур қарорда тушунтирилишича, судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот умумфойдаланиш учун очиқ ҳисобланади, ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно.

Фойдаланиши чеклаб қўйилган ахборотга, жумладан, қуйидагилар киради:

Фойдаланиши чеклаб қўйилган ахборотга давлат сирларига доир (Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 3, 5-моддалари);

қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир (масалан, фарзандликка олиш сири) (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси);

шифокорлик сирига доир (Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 25-моддаси бешинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 19-моддаси);

қонунга асосан фойдаланиши чекланган бошқа ахборотлар киради.

Суд ахборотнинг муайян қисми фойда­ланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатда ахборотнинг фой­даланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.

Қарорда берилган тушунтиришга биноан судлар фаолиятига доир маълумотлар фойдаланувчиларга уларнинг сўровига асосан, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ҳужжат кўринишидаги мурожаатига асосан тақдим этилиши мумкин.

Бундан ташқари, судлар фаолиятига доир ахборот оммавий ахборот воситалари ва Ин­тернет тармоғи орқали тарқатилади.

Судларда уларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олишни таъминловчи қонунга зид бўлмаган ва судьялар мустақиллиги принципини бузмайдиган бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин (хусусан, фуқароларни, жамоатчилик вакилларини қабул қилиш, брифинг, интервью, матбуот конференцияларини ўтказиш, оммавий ахборот воси­талари ва аҳоли олдида чиқишлар қилиш, пресс-релизлар тарқатиш ва ҳ.к.).

Жамоатчилик билан доимий алоқада бўлишни таъминлаш мақсадида судларнинг расмий вакиллари оммавий ахборот восита­лари билан ҳамкорлик қилади.

Маълумки, очиқлик ва ошкоралик ҳар қандай ҳокимиятга бўлган ишончнинг асосий кафолатидир.

Қарорда суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари:

йилда камида бир марта фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳолати юзасидан тегишли давлат вакиллик органига маълумот тақдим этишлари;

ойида камида бир марта судьяларнинг жойларда аҳоли билан учрашувларини ташкил этишлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Умуман олганда, мазкур қарор суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъ­минлаш, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилинаётганлигини, ишларни очиқ ва ошкора кўрилишида қонунда назарда тутилган истисно этувчи ҳолатлардан ташқари жамо­атчилик ва оммавий ахборот воситалари би­лан эркин ҳамкорлик ўрнатишни кафолати бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Жаҳонгир АРСЛОНОВ

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят

судининг судьяси

Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

 

 

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM