ЖОНИ ҚИРҚТА БЎЛСА ҲАМ...

-Хизмат юзасидан турли тоифадаги одамлар билан суҳбатлашаман, - дейди Каттақўрғон шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Ситорабону Рашидова. – Айримлари муаммоларини ҳал қилиш баробарида кўнглини ёриб дардлашгиси келади. Яқинда икки ёш боласини етаклаб келган аёл билан шундай суҳбат қурдик. Аёл ўзини атайлаб қувноқ кўрсатишга урингани билан ичида қандайдир дарди борилигини билиш қимйин эмасди. Зора бирор ёрдамим тегиб қолса, деган ниятда кўнглига қўл солдим.

-Эрим билан севишиб турмуш қурган эдик, - деди аёл болаларига тикилиб. – Бошида бизга ҳамма ҳавас қиларди. Лекин оилавий ҳаёт учун фақат севгининг ўзи камлик қилар экан. Аввал феъл-атвори, оилага тайёргарлигини билиб, синаб, кейин тақдирини биров билан боғлаганларгина бахтга эришаркан.

Тўйдан олдин Тоҳир аканинг ичиш одати йўқ эди. Эҳтимол, бўлгандиру лекин мен сезмагандирман. Ҳарқалай, кўп ўтмай ҳар куни ичиб келадиган бўлиб қолди. Дастлабки пайтлари бирор сабаб билан ошна-оғайнилари даврасида ичгандир-да деб индамай юрдим. Лекин ичкилик одамни шунчалик тез бузишини ўйламаган эканман. Тоҳир ака менга қўл кўтаришгача, уйдан ҳайдаб чиқаришгача бориб етди...

Айтишига қараганда, эрининг ҳақоратларини эшитавериб сабр косаси тўлган аёл маҳалла фуқаролар йиғинига ва бошқа тегишли жойларга мурожаат қилибди. Аммо Тоҳирга кишиларнинг даккиси кор қилмабди. Аксинча, хотинини баттар хўрлай бошлабди.

-Жонимдан тўйиб кетдим. Ҳаётимиз шу зайлда давом этаверса, ўзимни ўзим бир нарса қилиб қўяман, - дейди аёл кўз ёшларини оқизиб.

Унга тасалли бердим. Бундай йўл тутиш болаларнинг тақдирига жуда ёмон таъсир қилишини, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш шариатда ҳам гуноҳи азим саналишини тушунтирдим.

Қадимгилар билиб айтишган, ҳақиқатан ҳам бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун файзу барака кўтарилади. Бундан ташқари, норасидалар ота-онанинг бир-бирига бўлган муносабатини кўриб улғаядилар. Эр-хотиннинг ўзаро жанжаллари уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Бундай оилаларда вояга етган фарзандлар ё кўнгиллари зада бўлиб қолади ёки келгусида улар ҳам ота-онаси хатосини такрорлашади.

Шарқнинг буюк алломаларидан бири Абул Фарож ичкилик ҳақида шундай ёзган эди: “Ичган одам тўрт сифатга эга бўларкан. Дастлаб у товусга айланиб, ўзини кўз-кўз қилар, ҳаракатлари равон ва улуғворлик касб этар экан. Кейин маймун қиёфасига кирар экан, ҳамма билан ҳазиллашиб, майнавозчиликка ўта бошларкан. Ундан сўнг шеърга ўхшаб, ўзига бино қўяр, мағрурлиги тутиб, кучига ишониб кетаркан. Лекин охирида чўчқага ўхшаб, ағнаб ётаркан...”

Аёлнинг эри Тоҳиржон ҳам шу аҳволга тушиб қолганга ўхшайди. У ва унга ўхшаб ичкиликка муккасидан кетаётган “эрлар” вақтида эс-ҳушларини йиғиб олмасалар оила аталмиш муқаддас қўрғонни барбод қилиб қўйишлари ҳеч гап эмас. Сўнгги пушаймондан эса фойда йўқ.

Менимча, мудиранинг сўзига изоҳнинг ҳожати йўқ.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.  

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM