ФАРЗАНД ҚОБИЛ БЎЛСА...

Буюк бобомиз Алишер Навоий:

Топдингу аёл яхшилик еткургил, Ўргат одобу, яхши қилиқ деб қулоғимизга қўядилар. Яъни фарзанд кўрсанг, уни яхшиликларга ўргат, одобли, яхши хулқни бўлсин, деган бир фикрни илгари сўрадилар. “Назм жавоҳирлари” асарларида эса дейдилар:

Олтин кумуш этма, касб давлат кунидан,Ким тортар одоб улуси меҳнат тунидан.Гар йўқдир адаб, не сут олтинидан, Элнинг одоби хушроқ эрур олтунидан.

Бола тарбиясига ўзбек хонадонларида ҳамиша катта эътибор бериб келинган. Боланинг юриш-туриши, муомаласи, меҳнати, одамларга муносабати, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўз, қилиқлари катталар назорати остида бўлган. “Бир болага етти қўшни ота-она”, “Ниҳол бошидан, бола ёшидан”. Бола қанча ёшлигиданоқ тарбияга олинса, шунча яхши. Тарбияси эрта бошланган бола хушхулқли, мустақил, эсли хушли бўлиб вояга етади. Ҳар бир оиладаги муҳит, шароит, катталарнинг ўзаро муносабати билан тарбиясига таъсир этмай қолмайди. Бекорга айтилмаган, қуш уясида қўрганини қилади, деб. Бола тарбияси ниҳоятда мураккаб масала. Жамиятимизда маънавиятга, ёшлар тарбиясига жиддий эътибор берилаяпти. Келажаги буюк давлатни фақат билимдон, маънавий жиҳатдан баркамол, фидойи инсонларгина бунёд эта оладилар.

 

           Айтишларича машойихлардан сўрашибди: “Аллоҳ неъматлари орасида энг олийси, энг улуғи нимадир?” Жавоб бўлибди: “Учта нарса: биринчиси – тан соғлик, иккинчиси – луқмаи ҳалол, учинчиси – фарзанди қобил”. Бу ҳақиқатни аждодларимиз асрлар давомида одамларнинг онгига сингдириб келадилар. Афсуски, бу ҳақиқат ҳамма вақт ҳам одамларнинг онгига етиб бормайди. Ҳозирги кунда авлодларимизни мустақил давлатимизнинг ҳақиқий фарзанди қилиб тарбиялаш диёримизда яшаётган ҳар бир кишининг олий бурчи деб ўйлаймиз. Бундай аҳлоқли, одобли қилиб етиштириш учун уларнинг ота-оналарига дастлабки турмуш қурган куниданоқ улкан масъулиятларни юклайди. Албатта, ҳар бир ота-она борки, фарзандларини аҳлоқли, одобли бўлишларини орзу қиладилар. Турмуш қураётган ёшларимиз шарафли, улуғ номга мушарраф бўлмоқликлари учун энг аввало оилани ҳалол меҳнат, ҳалол ризқ билан таъминлаш лозимлигини тушуниб етишлари керак.

           Ҳар бир оила сарбонлари, модомики, улар келажак авлодни одобли, халққа фойда етказадиган фарзандлар бўлишини ихтиёр этсалар, аввало ўзлари тўғри йўлда, ҳалол меҳнат қилишлари, одоб-аҳлоқда бошқаларга ибрат бўлишлари лозим. Ана шундагинабиз фарзандларимизни ҳақиқий шу улуғ мамлакатга муносиб ўғил-қизлар қилиб тарбиялай оламиз.

           Ҳадиси шарифларда ҳам болалар тарбиясига оид қимматли фикрлар мавжуд. Улардан баъзи бир мисоллар келтирамиз: “Болага кўрсатинг, ўргатинг, суюнтиринг ва нафратлантирманг”, “Болаларга раҳм-шафқат қилманглар биздан эмас”. Ҳадисларда болаларни иложи борича катталарнинг тўпига қўшинг, улар катталар орасида бўлсин, деган маслаҳатлар бор. Бола тарбиясида ота-онанинг хизмати бениҳоя каттадир. “Онасини кўриб қизини ол” деган иборанинг остида яхши она яхши фарзанд тарбиялаб ўстиради, деган маъно ётибди. Дунёнинг ҳамма қисмида барча мутафаккирлар тарбияни йўргакдан бошлаш керак деган хулосага келганлар. Болалар кўпроқ оналар билан бирга, унинг таъсирида бўладилар. Она одоб-аҳлоқни, одамийликни фарзандига гўдаклигидан сингдириб уни муҳофаза қилади. “Бизга яхши оналарни беринглар, биз яхши одамлар бўлиб етишамиз” деган экан алломалардан бири. Дарҳақиқат, одамзотнинг биринчи тарбиячилари оналаридир. Илк тарбия ҳамма нарсадан ҳам муҳим бўлиб, у шубҳасиз, аёллар зиммасидадир.

           Болаларнинг мурғак қалбига ҳеч бир нарса ибратдек кучли таъсир этмайди. Барча ибратлар ичида ота-она ибратидан кўра ёрқинроқ ва зийрак ибрат йўқ. Бизга замондош, билимдон, бир-бирига ҳурмат сақлаган ота-оналар ўғил-қизларига тарбия бера туриб Ватанимизнинг истиқбол тарихини, демакки, жаҳон тарихини тарбиялайдилар. Халқнинг бахт-саодати бола тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам она ва болаларни муҳофаза қилиш, уларга имтиёзлар бериш, етарли шароитлар яратиш, фарзандларимизни жисмонан ва маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстиришга мамлакатимизда катта эътибор берилаяпти. Болалар – бизнинг келажагимиз. Улар жамиятимиз олдида турган улуғ мақсад, вазифаларни бажариш йўлида фидойилик кўрсатиш учун ҳар жиҳатдан камолотга етган бўлишлари керак.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM