БОЗОР САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРАДИМИ?

Бозорлар аҳоли гавжум бўладиган ҳудуд ҳисобланади. Айни пандемия даврида бозорда фаолият юритаётган тадбиркорлар, у ердан маҳсулот оладиган харидорлар эса албатта гигиеник талабларга амал қилган ҳолда иш юритишлари лозим. Хўш, бугун шаҳримиздаги бозорларда бу борада аҳвол қандай?

 

Маълумки, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова депутатлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан бўлган учрашувда бугун шаҳримизда фаолият юритаётган бозорлардаги аҳволни ўрганиш, санитария ҳолатлари бузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича топшириқлар берган эди. Шаҳар ҳокими ҳам бу борада бир неча бор бозорларда бўлиб  у ердаги мавжуд ҳолат билан танишган эди.

 

 

Бугун депутатлар Д.Тоирова, Б.Санаев, “Меҳржон” МФЙ раиси Ш.Худойназаров ва бошқа тегишли ташкилот вакиллари билан биргаликда шаҳримиздаги “Деҳқон” бозорида бўлдилар ва бу ерда санитария талабларининг қай даражада бажарилаётганлиги билан танишдилар. Танишиш асносида озиқ-овқат, гўшт ва бошқа маҳсулотларни устларини ёпилган ҳолда сақлаш, ҳар бир сотувчи тозаликка риоя қилишлари, маҳсулотларни дуконларни ичкарисида сотиш лозимлиги ҳақида тушунчалар берилди.

Шу ўринда нон маҳсулотлари билан савдо қилаётган бир опахонга тартиб –қоидалар тушунтирилаётган бир вақтда “бизда касаллик чиққани йўқку” дея эътироз билдиргани, ҳали ҳам айрим фуқароларда бугун бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб турган касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида етарлича маълумот йўқ ёки улар бунга лоқайдлик билан муносабатда бўлмоқдалар деган хулосага келиш мумкин. Демак аҳолига, бозорда фаолият юритадиган тадбиркорларга доимий равишда бозор радиоси ёки мутасаддилар томонидан бу борада янада кўпроқ тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Акс ҳолда “бизда касал чиққани йўқ” деб ўзи билганича иш юритадиган фуқароларнинг ҳаракатлари ортидан кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкин. 

Ҳилола ЭРГАШЕВА 

   

 

 

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM