КЕЛИН ТАНЛАШДА ШОШИЛМАНГ...

Оталар оила устуни бўлса, оналар ана шу иморатни мустаҳкам тутиб турувчи бақувват тиргаклардир. Зеро, халқимиз азалдан вояга етган фарзандларини зиёли, обрўли, тарбияли хонадонларга куёв ёки келин бўлмоғи учун ниҳоятда донолик билан иш тутган. Демак, тўй тараддуди келинликка муносиб номзод танлашдан бошланаркан. Биринчи навбатда қизнинг ақлу фаросати, меҳнаткашлиги, ҳамда ички дунёсининг бойлиги, ҳаё ва ибосига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, наслу насабининг тозалиги, ота-онасининг аҳиллиги, эл орасида тутган ўрни ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Қуда-андачилик муносабатини тиклашда ўғил ҳам, қиз ҳам бир даражада туришсада, бу масала ечимида, айниқса, қиз танлови ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бунда жуда кўп қизлар тилга олиниши, сўраб суриштирилиши мумкин, албатта. Шу муносабат билан уларнинг ота-оналари, ака-сингиллари ва қавму-қариндошлари ҳақида ҳам сўраб-суриштирилиши табиий. Пировардида, биргина қизга талабгорлик қилинади.

Кайковуснинг ўғлига қилган доно насиҳатини эслайлик: «...агар ўғлингни уйлантирмоқ ва қизингни эрга бермоқ тиласанг, зинхор ўз қариндошинг била беришиб-олишмағил. Бегонадан хотин олгил, нединким, қариндошларингдан олмасанг ҳам улар сенинг билан гўшт, қондек яқиндурлар. Бошқа қабиладан хотин олгил. Бу билан бир қабилани икки қабила қилмиш бўлгайсан, бегонани ўзингга қариндош қилгайсан токи бир қувватинг икки бўлгай, икки тарафдин мададинг ва кўмагинг кўпайгай». Гарчи Кайковус «қабила» сўзида ижтимоий маънони ифодалаётгандай туюлса-да, уни уруғ маъносида ҳам тушуниш мумкин.

Кўряпсизми, бурунгилар оила қуришдек ниҳоятда нозик тадбирга қай даражада эътибор қаратишган. Бу ҳар бир инсон тақдирида чин маънода ҳаёт-мамот масаласидир, десак янглишмаймиз. Бунинг учун авваламбор, тарбиячи саналмиш ота-оналар, маҳалла аҳли маънавий- маърифий, ҳуқуқий манбалардан хабардор бўлиши лозим. Айрим кузатувлар асосида шуни айтишимиз мумкинки, баъзи оилаларда ойлаб, ҳатто йиллаб газета-журналларни ўқишмайди. Китоб, бадиий адабиёт ҳақида-ку, мутлақо гапирмаса ҳам бўлади. Бундай оилада камолга етган фарзандларда ҳуқуқий билимсизлик, маънавий ноқислик кузатилиши табиий.

Оила маънавияти қанчалик бой, теран ва чуқур бўлса, жамият ҳам шу қадар маънан қудратли, мустаҳкам бўлади. Зеро, оила ҳам Ватан ичра мўжаз бир ватандир.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM