“ОНЛАЙН ДАРСЛАР”ДАН  “ОНЛАЙН ТЎГАРАК”ЛАРГА

Мана салкам уч ойдирки карантин тартиб-қоидаларига кўра ўқувчилар билан барча дарслар онлайн тарзда ўтказилди. Бир неча кундан сўнг ёзги таътил бошланади. Албатта ўқувчи-ёшларнинг бу йилги ёзги таътилларида ҳам вақтларини мазмунли ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда 1 май куни  халқ таълими тизими раҳбарлари иштирокида ўтказилган видеоселекторда атрофлича муҳокама қилинган.

Жумладан,  видеоселектор мажлисида ёшларнинг ёзги таътилда вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш мақсадида бу даврда ҳам телевизион дарслар намойиш этилган 3 та телеканал орқали “онлайн тўгарак” лойиҳасини ташкил ишларини амалга оширилиши белгилаб олинди. «Онлайн тўгарак» машғулотлари ҳам «Онлайн мактаб» каби назорат қилиб борилади.

Берилган таклифларга кўра ўқувчиларга инглиз тили, компьютер саводхонлиги ва дастурлаш асослари, турли хил техника, табиий фанлар, адабиёт, мусиқа ва бошқа ижодий йўналишлар бўйича видеодарслар намойиш этиб борилади.

Яна шуни айтиш жоизки ёзги таътилда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилади. Яъни, ёзда “Онлайн мактаб” каналларидан фойдаланиб, ўқитувчиларни ўз устида ишлашини ташкил этиш мақсадида “Ўқитувчини касбий ривожлантириш” рукни остида онлайн дарслар намойиши йўлга қўйилади. Телевизион дарслар орқали таълим технологияларини ўргатиш, PISA халқаро баҳолаш тизимига тайёргарлик кўриш амалга оширилади.

Шунингдек, бу йилги битирувчиларга аттестат ва маълумотномаларни ҳам онлайн бериш режалаштирилган бўлиб, ўқувчилар бу маълумотларни олиш учун мактабга боришлари шарт эмас. Аттестат (шаҳодатнома) бланкалари ҳамда намунали хулқи ва аъло баҳолари учун олтин ҳамда кумуш медаллари карантин муддати тугагунча таълим муассасаларида сақланади ва кейинчалик ўз эгаларига топширилади. 

Йиғилиш давомида тизимдаги ўқитувчилар ва раҳбар кадрларни таълим жараёнидан ажралмаган ҳолда касбий маҳоратини ошириш ёки қайта тайёрлаш, янги ўқув йилига тайёргарлик 1-синфга ўқувчиларни қабул қилишда шошма-шошарликка йўл қўймаслик масалалари бўйича ҳам тегишли кўрсатмалар берилди. 

                                                                                                                     Ҳилола ЭРГАШЕВА.

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM