Каттақўрғон сув омбори - Ўзбекистон ҳудудида қурилган биринчи сув омбори ҳисобланади. Сув омборининг қурилиши ўзига хос жуда катта тарихига эга. Сув омбори шаҳар яқинидаги Зирабулоқ адирида қадимги Шўрсой ва Узунқудуқсойнинг бирлашган жойидаги катта чуқурлик ўрнида қурилган.
1940 йилнинг 1 мартида Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 130 минг киши ҳовуз қурилишига сафарбар этилди. Ҳовуз ўрни, сувнинг кириш ва чиқиш каналлари кетмон билан қазилган. Тупроқ қопларга солиниб елкада ёки замбил ва ғалтаклар ёрдамида ташиб чиқарилган. Натижада 130 минг меҳнаткашнинг самарали меҳнатлари эвазига 14 ой ичида юз миллион кубометр сув сиғдира оладиган “Ўзбекистон денгизи” барпо этилди. 1941 йилда узунлиги 4 м, баландлиги 28 метрли тўғон кўтарилади. Кейинчалик тўғоннинг баландлиги 31 метрга етказилди. 1946-1950 йилларда бажарилган ишнинг 75 % автомашиналар, 12,5% темир йўл воситаси ёрдамида амалга оширилди. Каттақўрғон сув омборининг майдони 795 кв.км, умумий қуввати 900 млн. кубометр, шундан фойдалиш сиғими 840 млн. куб, узунлиги 15 км, максимал кенглиги 10 км, ўртача кенглиги 5.3 км; максимал чуқурлиги 25 м, ўртача чуқурлиги 11.5 м. ни ташкил этади. Сув омбори воситасида Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги 94 минг гектар ер суғорилади. 150 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, сув омборидан сув канали орқали Қорадарёга қуйилади. Сув омбори фақат экинзорларни сув билан таъмин этиб қолмай Каттақўрғоннинг қиёфаси ва иқлимини ўзгартиришга ҳам таъсир қилди.
Ўрта Осиёда гидроқурилишда телеавтоматикадан фойдаланиш Каттақўрғон сув омборидан бошланди. “Ўзбекистон денгизи”нинг сўлим соҳилларида барпо этилган писта бодом жийдазор ва ўрмонлари ёз жазирамасида кишиларнинг ҳордиқ чиқариб дам оладиган жойига айланди. Сув омборида балиқчилик ҳам ривожланди. Сув омбори ён бағрида 1947 йилда барпо этилган шаҳарча эндиликда ям – яшил дарахтларга бурканган турна қатор уйларда қурувчилар авлодлари истиқомат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда сув омбори қурилиши қанчалик машаққатли меҳнат талаб қилмасин қурилишнинг илк кунлариданоқ ота-боболаримиз нақадар кўтаринки рух ва аҳиллик билан меҳнат қилганлар. Буларнинг барчасини Каттақўрғон шаҳар тарихи музейи экспозициясига қўйилган, қурилиш жараёнлари суратга олинган фото альбом, шунингдек, Каттақўрғонда туғилиб ўсган Ўзбекистон Бадиий академияси графика ижодий бўлими аъзоси, кўп қиррали ва истеъдодли рассом Ривкат Зубаирович Азихановнинг “Каттақўрғон сув омборининг қурилиши”, “Каттақўрғон чайкалари” номли расмларида ва бошқа бир қатор маълумотлар орқали билишимиз мумкин.
Д.ТАИРОВА,
Халқ депутатлари шаҳар
Кенгаши депутати
тарихи музейи мудири