КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
Қадрли ҳамшаҳарлар, азиз меҳнат фахрийлари!
Бугунги шонли байрам – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон уруши тугаганлигининг 80 йиллиги муносабати билан Сиз азиз ҳамшаҳарларимизга, мўътабар фахрийларимизга, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ушбу қутлуғ кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда жасорат кўрсатиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирамиз.
Шунингдек, Мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишда ҳамда ўз хизмат бурчини адо этиш йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасини миннатдорлик билан эсга оламиз.
Қадрли дўстлар!
Бугун ўтказилаётган тадбирларда бу мудҳиш уруш эл-юртимиз учун қандай мислсиз талафот ва мусибатлар олиб келганини ёдга олишимиз табиийдир.
Ўша оғир таҳликали йилларда метин иродали халқимиз фронт ортида сабот ва матонат билан меҳнат қилди. Саноат корхоналарининг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Эл-юртимиз ғалаба учун жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берди.
Халқимиз юксак одамийлик фазилатини намоён этиб, уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонга бошпана берди. Ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болаларга меҳр-оқибат кўрсатиб, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди.
Ана шундай бағрикенг инсонлардан бири сифатида каттақўрғонликлар ҳамшаҳримиз Ҳамид Самадовнинг бу борада кўрсатган жасоратини ҳурмат билан тилга оладилар. Ушбу олижаноб ва бағрикенг инсон турли миллатли 13 нафар болани ўз бағрига олди. Бугун Ҳамид Самадов жасоратига қўйилган монумент олдидан ўтган юртдошларимиз унинг юксак инсоний фазилатини ҳар биримиз учун ибрат намунаси эканлигини таъкидлайдилар.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Бугунги байрам муносабати билан шаҳримизда хотира маросимлари, турли маданий-маърифий тадбирлар, “уч авлод учрашувлари” ўтказилмоқда. Тегишли идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.
Жумладан, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида жон фидо қилган ҳамшаҳарларимиз Улуғбек Барноев, Бахром Эргашев, Жамшид Расуловларнинг жасоратларини айтиб ўтиш ўринли.
Муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийлари халқимизнинг доимий эътибори ва эъзозида бўлиб келмоқдалар. Биз бугунги озод ва эркин ҳаёт учун азиз жонини аямасдан курашган бундай улуғ инсонларни доим қўллаб-қувватлашни, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишни ўзимизнинг бурчимиз деб биламиз. Улар учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз.
Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни албатта шараф билан адо этамиз.
Қадрли каттақўрғонликлар!
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи фахрийларнинг ва бугунги тинчликнинг қадрига етиш ҳамда тинч-осойишта яшаётганимиз, юртимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.