insurez
25-05-2024 11:09

“Сўнгги қўнғироқ”- янги ҳаёт сари илк қўнғироқ


25 май - “Сўнгги қўнғироқ”. Бу кун унутилмас кундир. Зеро, қадрдон мактаб билан хайрлашиш, синфдошлар билан ўтган бахтиёр дамлар, қўнғироқ чалиниши билан дарс томон ошиқиш, устозларнинг беғаразгина койишлари, албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида фақат ширин хотира бўлиб бир умрга муҳрланган.  

Бугун сўнгги қўнғироқ остида мактаб билан хайрлашаётган 2 - Ихтисослашган умумтаълим мактабини битирувчилари учун ҳам бу кун энди хотирага айланади.

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова битирувчи ёшларни бугунги ҳаяжонли кун, янги ҳаёт сари қадам қўяётганликлари билан самимий қутлади. Шаҳар ҳокими томонидан ўқиб эшиттирилган Давлатимиз Раҳбари томонидан йўлланган табрикни битирувчилар ўзгача ҳаяжон билан тингладилар. Шаҳар ҳокими шаҳримизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу борада умумтаълим мактабларининг муваффақиятлари ҳақида сўз юритди.

-2023-2024-ўқув йилида Каттақўрғон шаҳар умумтаълим мактабларининг 9-синфларини 1317– нафар, 11-синфларини эса 744 нафар ўқувчилар битириб чиқишмоқда. Аъло баҳоларга ўқиб, жамоат ишларида фаол иштирок этган 9-синф битирувчиларидан 36 нафари аъло даражадаги шаҳодатномага ҳамда ҳудди шундай кўрсаткичларга эришган 11-синф битирувчиларидан 4 нафари кумуш ва 16 нафари олтин медалларга давогарлик қилишмоқда.

Шаҳар мактаб ўқувчилари орасида миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлган ўқувчилар сони 137 тага етди, бу эса мазкур ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида йўналиши бўйича сертификат олган фанлардан максимал бални қўлга киритиш имкониятини беради. Биз жорий йилда мактабларимизни тамомлаётган барча ёшларни келажакда муносиб ўрин эгаллаб юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб етишишиларини тилаймиз,- деди шаҳар ҳокими.

Йил якунида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинади. Шу жумладан, тадбир давомида мактабда аъло аҳоларга ўқиб, тенгдошларига намуна бўлган иқтидорли ёшлар ҳамда ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўлида самарали меҳнат қилган устозлар ва истеъдодли фарзандларнинг ота-оналарига шаҳар ҳокимлигининг ҳамда мактаб маъмуриятининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Мактабни битирганига 25 йил бўлган собиқ битирувчи Хасан Комилов ҳам устозларига ҳамда ўқувчиларга эзгу тилакларини билдирди ҳамда устозлари ва мактабдаги иқтидорли ўқувчиларга ўзининг совғаларини тақдим этди.

Жорий йилда мактабнинг ютуқлари талайгина бўлди. Шаҳар ва вилоят миқёсидаги турли танловлар ҳамда мусобақаларда мактаб ўқувчилари фахрли ўринларни қўлга киритдилар.

Тадбирда ёшларнинг ушбу ютуқлари ҳам эътироф этилди ва улар тақдирландилар.

Мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари уларга таълим-тарбия беришдек машаққатли ва шарафли касб эгалари бўлган устозларининг меҳнатларини ва мактаб давридаги бахтиёр дамларни унутмасликларини ва келгусида шунга муносиб инсонлар бўлиб юртимиз равожига ҳисса қўшишларини таъкидла- дилар.

Мактабдаги тадбир битирувчи синф ўқувчилари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, ажойиб рақслар билан давом этди.

Бугун шаҳримиздаги барча умумтаълим мактабларида юқори савияда ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида устозлар эъзозланди ва янги ҳаёт сари қадам қўяётган ёшларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларида эзгу тилаклар билдирилди.

Албатта, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар бир инсон борки ўзининг ҳаётдаги эришган барча ютуқлари учун устозларни қадрлайдилар. Ҳақиқатдан ҳам қалб қўри ва кўз нурини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлаган жонкуяр, азиз мураббий ва устозларнинг меҳнатлари эътирофга лойиқ.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

 

 

Teglar
- -