insurez
17-07-2024 17:49

РАҲБАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ


Илм оламан, касб-ҳунар эгаллайман деган ёшлар учун барча шароитлар яратилган. Фақат ҳаракат қилиш керак. Имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим.  Сизларга қараб доим хавас қиламан. Қанийди бизнинг ёшлигимизда ҳам шундай имкониятлар бўлганда эди, - дея ўз ёшлигини хотирлади шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова каттақўрғонлик ёшлар билан учрашувда.

“Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида ўтказилган тадбирда маҳалла ёшлари ва ёшлар етакчилари иштирок этди. Дастлаб, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жасур Ғаниев жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ёшлар билан олиб борилган ишлар хусусида ахборот берди.

Шундан сўнг сўз олган шаҳар ҳокими бугун юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, каттақўрғонлик иқтидорли ёшларнинг ютуқлари ҳақида гапирди ва ҳар бир ёш бугун мана шундай имкониятлардан фойдалана олиши ва муваффақиятларга эришиши мумкинлигини, бунинг учун фақат аниқ мақсад ва шу мақсад сари интилиш ва ҳаракат қилишлари лозимлигини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган Мономарказ раҳбари Ж.Қулдашев марказда ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш борасида яратилган шарт-шароитлар, хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун лойиҳалар билан таништирди.

Ёшлар ишлари бўлими У.Туйғунов сўзга чиқиб ёшларни келгусида қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилиши белгиланган режалари ҳақида гапирди.

“Malika Education” ўқув маркази раҳбари Ф.Джалиловнинг ўқув марказ ёшлари қўлга киритаётган ютуқлари ҳақидаги маърузасини ҳам ёшлар катта қизиқиш билан тингладилар.

Самимий тарзда бўлиб ўтган учрашув давомида ютуқларга эришган ёшлар ва ёшлар етакчилари ҳам ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир сўнггида викторина ўтказилиб, берилган саволларга тезкорлик билан жавоб берган ёшларга совғалар тақдим этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Teglar
- -