insurez
04-05-2024 15:40

Педагогика коллежига янги раҳбар тайинланди


Бугун шаҳримиздаги Педагогика коллежида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова раҳбарлигида ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва коллеж педагогик жамоаси иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Шаҳар ҳокими педагог кадрларни тайёрлаш, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, ўз даврида республика миқёсида ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган, жуда кўплаб педагог кадрларни тайёрлаган мазкур коллежда келгусида таълим сифат ва самарадорлигини ошириш, олий таълим билан ҳамкорликда бу борада истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг коллежга янги тайинланган раҳбар Феруза Рахимова номзоди таништирилди.

 

Йиғилишда сўз олганлар янги раҳбарнинг коллежни ҳар томонлама ривожлантириш, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритдилар ва бу борадаги фаолиятига муваффақият тиладилар.

Коллеж 720 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда коллежда мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси, мусиқа раҳбари мутахассисликлари бўйича таҳсил олмоқдалар. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиси мутахассислигида таълим кундузги, сиртқи ва дуал шаклда олиб борилмоқда. Янги ўқув йилидан яна иккита яъни,  кутубхоначи ва жисмоний тарбия йўриқчиси мутахассислик- лари ташкил этилиши режалаштирилган.

Феруза Рахимова албатта, унга билдирилган ишончни оқлашини, келгусида коллежда таълим сифат ва самарадорлигини ошириш, малакали педагог кадрларни етиштириш, замон талабларига жавоб берадиган нуфузли таълим масканига айлантириш йўлида бор билим ва имкониятларини ишга солишини билдирди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар коллежнинг келгусидаги ривожланиши йўлида яхши тилакларни билдириб дуога қўл очдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.  

 

Teglar
- -