Парламентлар хотин - қизлар иқтисодий ҳолатини яхшилашни ҳаракатлантирувчи куч
Бугун биз юртимизда эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ мамлакатни барпо этишда хотин-қизларга берилаётган эътибордан миннатдормиз. Албатта, бу эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар биз раҳбар аёллар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол хотин-қизлар, фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган уй бекаларининг ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадрини улуғлаш аввало азизу мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади”, – дея таъкидлаганлари ҳам биз аёлларга бўлган юксак эътиборнинг намунасидир.
Албатта, мамлакатимизда бу мақсад йўлида улкан ишлар қилинмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасини бугун соҳалар кесимида аёллар ўрнининг ортиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, сайлов кодексимизда депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи аёл киши бўлиши зарурлиги белгиланган. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан - 35 фоизга ошган. Тадбиркорлик соҳасида 37 фоиз, сиёсий партияларда 47 фоиз, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида 46 фоиз, олий таълимда 49 фоиз, тиббиётда эса 77 фоизни ташкил этмоқда.
Бугун юртимизда парламентнинг хотин-қизларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш борасидаги фаолияти натижасида Каттақўрғон шаҳрида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга эришилмоқда.
Бугунги кунда шаҳримизда истиқомат қилаётган 95 мингдан ортиқ аҳолининг 57 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Бугунги кунда уларнинг 370 нафари бошқарув соҳасида, 14 нафари шаҳар ва вилоят кенгаши депутати, 700 нафари мактаб, 800 нафарга яқини мактабгача таълим, 63 нафар олий таълим, 1000 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритиб келмоқдалар. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 100 нафар фаол хотин-қизлар раҳбар кадрлар захирасига олинган.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёти ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилган.
Шу мақсадда ўтган йили Каттақўрғон шаҳрида 3 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятини, ўз оилавий бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган 2 мингдан ортиқ аёлларга имтиёзли кредитлар ажратилди. 1000 нафардан ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди. Уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг уй-жой шароити яхшиланди.
Эҳиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида “Аёллар дафтари” доирасида ҳам катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида Каттақўрғон шаҳрида дафтар орқали 10 минг нафарга яқин аёлларга турли ёрдамлар кўрсатилди.
Юртимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутафаккир жадид бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, “Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир”.
Дарҳақиқат, оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради. Шу мақсадда юртимизда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим дастурлар қабул қилинди. Бунинг натижасида олийгоҳларда таълим олаётган қизларнинг улуши 50 фоизга етгани жуда катта натижадир
Қолаверса, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилгани, 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 миллиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилгани, эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизларни олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилиниши келажакда албатта ўз натижасини беради.
Гавҳар Алимова- сенатор, Каттақўрғон шаҳар ҳокими