insurez
24-05-2024 14:02

Мамлакатнинг тараққиёти илм ва фаннинг қанчалик ривожланганлиги билан боғлиқ


Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг битирувчи йигитлар билан ўтказилган учрашуви ҳам мазмунли бўлди. Унда сектор раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбирни шаҳар ҳокими очиб берди ва мамлакатимизда ёшларнинг таълим олишлари йўлида яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритди. 

Ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ерда илму фаннинг нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқдир. Илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради. Илм — ақл нури, яшаш чироғидир. У инсонларга бахт келтиради, ёруғликка чорлайди, жаҳолатдан йироқлаштиради. Зиёли инсонлар жамиятнинг етакчилари ҳисобланади,- деди шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Шунингдек, йигитларнинг ватанпарвар, юксак билим соҳиблари бўлишлари лозимлиги, зеро, мард ва жасур ўғлонлар юрт таянчи, оила устуни, тинчлигимиз посбонлари эканлиги, бу борада буюк аждодларимизнинг кўрсатган жасоратлари юксак намуна бўлиши таъкидланди.

Албатта, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк даҳолар ал-Бухорий, ал-Хоразмий, Беруний, ибн Сино, “Шарқ Аристотели” деб ном олган буюк аллома Абу Наср Фаробий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва бошқа кўплаб аждодларимиз билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

Тадбирда сектор раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, битирувчи йигитларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларида улкан муваффақиятлар тиладилар.

Қизғин тарзда бўлиб ўтган учрашувда муддатидан аввал талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлган иқтидорли йигитлар ҳам сўз олиб ўзларининг муваффақиятлари ҳақида гапирдилар.

 Учрашув сўнггида шаҳар Драма театри томонидан комедик жанрдаги спектакль намойиш этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

Teglar
- -