insurez
15-10-2025 14:11

Каттақўрғон намунаси – аёллар фаоллигини оширишда илғор тажриба


“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Адолатчи аёллар” қаноти Каттақўрғон шаҳар Кенгаши тажрибасини оммалаштириш мавзусида республика амалий семинари ўтказилди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибаева, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари Нодира Жанибекова, Гулнорахон Абдувоҳидова, Манзура Салимова, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Навоий вилоятларидан партия фаоллари семинарда иштирок этиб, аёллар ижтимоий фаоллигини ошириш, оила қадриятларини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш борасида самарқандлик сафдошлар билан тажриба алмашдилар.

Дастлаб “Адолатчи аёллар” қаноти Каттақўрғон шаҳар Кенгаши фаолияти тақдимот қилинди. Оилавий ажримлар, эрта турмуш ва норасмий никоҳ каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш борасида эришилган ижобий кўрсаткичлар таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, шаҳар аҳолиси 96 минг нафарни ташкил этади. Шундан 7 минг нафари “Адолат” СДП аъзолари экани, 3 минг нафари хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келиши таъкидланди. Каттақўрғонлик аёллар орасида 366 нафар раҳбарлик лавозимида меҳнат қилаётгани ҳам ижобий натижа сифатида эътироф этилди. 

— Ўтган аср бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Ҳожи Муин, Исомиддин Салоҳий каби миллатимиз ойдинлари қаторида аёл муаллималар — жадид момоларимиз ҳам фаолият юритган, — деди семинарда сўзга чиққан партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибаева. — Уларнинг энг илғор намояндаси Саломат Парда қизи Мутриба Каттақўрғон фарзанди эди. Демоқчиманки, бу шаҳар, муаззам Самарқанднинг бир бўлаги сифатида, азалдан илм-маърифат маскани бўлган. Илмий-адабий жараёнларда хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этган. Бугун ушбу тадбиримизда иштирок этаётган сиз, азизларни уларнинг муносиб авлодлари деб ҳисоблаймиз.

Тадбир доирасида партия ташаббусларини оммалаштиришда фидойилик билан меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаоллар “Адолат” кўкрак нишони, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Адолат” СДП ғояларига хайрихоҳлик билдирган 20 нафар хотин-қиз партия аъзолигига қабул қилинди. 

Каттақўрғон тажрибасини республика миқёсида оммалаштириш юзасидан чора-тадбирлар ва вазифалар белгилаб олинди.

Teglar
- -