insurez
18-04-2025 14:10

“Имом ал-Бухорий ва Сукарно” спектакли Индонезияда намойиш этилди


Индонезияда Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар драма театри ҳамда ушбу мамлакатнинг “Bumi Purnati” театри ҳамкорлигида саҳналаштирилган “Имом ал-Бухорий ва Сукарно” номли спектаклининг илк премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Хўш, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ва Индонезиянинг давлат ва жамоат арбоби Сукарно ўртасидаги боғлиқлик нималарда намоён бўлади? 

Исломшунос олим Убайдулла Уватовга кўра, Имом ал-Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, у ёзган асарларнинг сони йигирмадан ортиқдир. Булар «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб ал-муфрад», «Ат-таърих ас-сағир», «Ат-таърих ал-авсот», «Ат-таърихал-кабир», «Китоб ал-илал», «Барр ул-волидайн», «Асоми ус-саҳоба», «Китоб ал-куна» ва бошқа кўплаб ҳикматли асарлардир. 

Буюк алломанинг энг муҳим асари – «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ». Бу асар «Саҳийҳ ал-Бухорий» номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом ал-Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом ал-Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди. Имом ал-Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она, аёллар ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Унда нима яхши, нима ёмон, нимани қилиш керак, нимадан ўзни тийиш лозимлиги ҳакида ҳозирги жамиятимиз аҳли, айниқса, ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панд-насиҳат ва ўгитлар акс эттирилган. Шу сабабли Имом ал-Бухорийнинг асарлари жаҳон миқёсида катта эътибор ва эътирофга сазовор. 

Бугун ҳам ижтимоий тармоқлар орқали шарҳланаётган Қуръони Карим сураларининг оятлари, дуолар, ҳикматли нақлларда албатта, буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бхорийнинг номи эҳтиром билан тилга олинади. 

Маълумки, Индонезия дунёда энг кўп мусулмон аҳолисига эга бўлган давлат саналади. 1945-1967 йилларда ушбу мамлакатнинг давлат раҳбари бўлган Сукарно 1956 йилда Москвага келади. Ташриф давомида у ҳадис илмининг даҳоси Имом ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш истаги борлигини ўша даврдаги шўролар салтанатининг мутасаддиларига билдиради. Мустабид тузум даврида кўплаб буюк алломалар каби дунёга донғи кетган ҳадисшунос олим Имом ал-Бухорий сўнгги қўним топган маскан қаровсиз, ташландиқ аҳволда эди. Индонезиялик меҳмоннинг истагини рўёбга чиқаришдан бошқа иложи қолмаган шўро даврининг мутасаддилари олий марталаби меҳмон бошчилигидаги делегациянинг сафар муддатини атайлаб чўзиш мақсадида уни Москвадан Самарқандга поезд орқали боришини ташкиллаштиради. Бу вақт оралиғида эса улуғ муҳаддиснинг қаровсиз қолган мақбараси атрофи зудлик билан ободонлаштирилади. Шундай қилиб, айнан Индонезиянинг давлат ва жамоат арбоби Сукарно жаноблари икки мамлакат ўртасидаги зиёрат туризмига асос солган эди. 

Ўзбекистон ва Индонезия театр ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Имом ал-Бухорий ва Сукарно” спектакли ана шу қизиқарли ва ҳикматли воқеа асосига қурилгани билан аҳамиятлидир. 

Ҳамкорликда саҳналаштирилган спектакль индонезиялик томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. 

Teglar
- -