insurez
21-06-2024 11:15

Жомбойлик сенатор, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова олтин ва кумуш медал сохибларини қутлади


Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ёшлар масаласига, уларни таълим-тарбия олишлари, айниқса қизларни илм эгаллашлари ёки бирор касб-ҳунарни эгаллашларига алоҳида эътибор қаратади. Доимий равишда ёшлар билан бўладиган учрашувларда бугун ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилганини, ҳар бир ёш давлат эътибори ва ғамхўрлигида эканлигини таъкидлайди.

Асли жомбойлик бўлган Каттақўрғон шаҳар ҳокими Жомбойдаги мактабларнинг олтин ва кумуш медал сохиблари  билан бўлган учрашувида ҳам бу ҳақда тўлқинланиб гапирди.

-Ёшлар билан учрашувлар менга ўзгача шукуҳ бағишлайди,- дейди Гавҳар Алимова. Уларга қараб ўзимнинг беғубор ёшлигим ёдимга тушади. Тўғри бизнинг ёшлигимизда бугунги ёшлар учун яратилган мана шундай шароитлар бўлмаган. Лекин, биз ёшлигимизда доим яхши ўқишга интилганмиз. Мактабда ўқиб юрган вақтларимдаёқ мен олдимга улкан мақсад қўйганман ва уни амалга оширига интилганман. Мен учун энг эсда қоларли воқеа бу “Артек” лагерига борганим эди. Артек - бу халқаро болалар маркази бўлиб, унда ёшлар турли лойиҳалар устида иш олиб боришади.  Ўша вақтда барча болалар “Артек” болалар лагерига боришни орзу қилишарди. Шу йилда лагерни очилганига 99 йил бўлади. Қарангки, бугун сизлар билан учрашув ушбу лагерга борганимнинг 40 йиллик хотираларини ёдга солди. Шуни айтишим жоизки, лагердаги муҳит, у ердаги иқтидорли болалар билан танишганим менда олдимга улкан мақсадларни қўйиш ва уни амалга оширишда катта туртки бўлган.

Сизларга ҳавасим келади. Қани энди мана шу имкониятлар мен ўқиган даврларда бўлганда эди. Бир неча олийгоҳларнинг талабаси бўлиш, чет тилларни мукаммал ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш учун имкониятлар, энг муҳими педагог мақомининг ошганлиги, устозларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром. Бу бугун юртимизда таълим-тарбия ҳар бир раҳбар олдидаги биринчи галдаги вазифа эканлигидан далолат- дея болалик дамларини ёдга олди шаҳар ҳокими.

-Бугун Сиз ёшларга шуни атмоқчиманки, ҳар бирингиз юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган ҳақиқий ватанпарвар инсон бўлишингиз лозим. Юрагида Ватанига меҳр-муҳаббати чексиз бўлган инсонгина унинг учун қайғуриши, унинг тақдирини ўзининг тақдири билан чамбарчас боғлаши мумкин. Бизнинг аждодларимиз ана шундай ватанпарвар, мард ва жасур инсонлар бўлишган. Шу боисдан ҳам қудратли давлат барпо этган буюк Темур, Чингизхонни лол қолдирган Жалолиддин Мангуберди, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк даҳолар ал-Бухорий, ал-Хоразмий, Беруний, ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобурларнинг номлари йиллар давомида тиллардан тилга ўтиб келмоқда.

Шу ўринда Сиздек кўзлари ёниб турган қизларимизга қараб бугун юртимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларга ҳам алоҳида тўхталмоқчиман.

          Донишмандларимиз “Бир қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз” деб бежиз айтишмаган" Зеро Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қизларнинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши бутун жамият равнақи учун хизмат қилади”, “Қиз фарзандни, онани ўқитсак, жамиятни ўқитган бўламиз” .

           Шу боисдан ҳам бугун бу масала долзар масала ҳисобланади. Албатта, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги имкониятлари натижасида бугун соҳалар кесимида аёлларнинг сони ортиб бормоқда.

Тарихдан бизнинг Тўмарис, Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин, қолаверса, йирик адабиёт дарғалари Зулфияхоним, Суйима Ғаниева, Ҳалима Худойбердиева, биринчи ўзбек ҳуқуқшунос аёли Ҳадича Сулаймонова сингари буюк аёлларимиз бўлган. Бугун Сенат раисининг аёл киши эканлиги ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган юксак эътиборнинг намунаси. Мана шундай ибратли ҳаёт йўлига эга, ватанпарвар аёлларнинг фаолиятини ўрганиш, уларга муносиб издош бўлишингизга ишонаман,-деди Гавҳар Алимова ўз сўзида

               Битирувчи ёшлар шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимованинг раҳбар аёл сифатида иш фаолияти, бугунги муваффақиятларининг сирлари билан қизиқдилар.

Айниқса, сенатор Гавҳар Алимова таҳсил олган 16 мактаб ўқувчиси, олтин медал сохиби Шохсанам Акбарова учун ушбу учрашув эсда қоларли бўлди. У ушбу учрашув унинг кейинги мақсадларини амалга оширишда катта туртки бўлганлигини таъкидади.

Шаҳар ҳокими медал сохибларига эсдалик совғаларини улашди.

Ўз навбатида янги ҳаёт сари қадам қўяётган ёшлар ҳам бугунги учрашувдан  ўзлари учун катта мотивация олганликликларини билдирдилар. 

 

Teglar
- -