insurez
20-06-2024 10:05

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМАЛАР БАРИБИР БУЗИЛАДИ!


Бугун мамлакатимизда барча жабҳаларда қонун устуворлигини таъминлашга катта аҳамият қаратиляпти. Чунончи, ердан фойдаланиш ва унга эгалик ҳуқуқи тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ва улар ҳаётимизга кенг татбиқ этиляпти.

Албатта, ердан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганда тегишли тартибда жавобгарлик муқаррар.

Куни кеча Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими масъуллари иштирокида Каттақўрғон шаҳри Ингичка кўчасида фуқаро Т.С. томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, иморат қуриш учун тегишли рухсатнома олмасдан, архитектура ва қурилиш нормаларига зид равишда 85 метр узунликдаги бетон пойдевор ва 2 метр баландликдаги шлакаблок девор билан ўраб олинган ана шундай ноқонуний қурилма Каттақўрғон туманлараро судининг 2023 йил 26 октябрдаги ҳал қилувчи қарорига кўра бузилди. Мазкур ер майдони шаҳар ҳокимлиги заҳирасига қайтарилди.

“Ер кодекси”нинг 91-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш тартиби кўзда тутилган. Ана шу тарзда эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда, қилинган сарф-ҳаражатлар қопланмаган тарзда, тегишлигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш, жумладан мавжуд иморатларни бузиш уни эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Ноқонуний эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг ёхуд суднинг ҳал қилув қарорига биноан амалга оширилади.

Ер – умуммиллий бойлигимиз. Унинг ҳар қаричини авайлаб-асраш, муҳофаза қилиш, унга путур етказмаслик ва ундан оқилона, қонунан фойдаланиш фуқаролик, ватанпарварлик бурчимиздир. Она заминни ўзбошимчалик билан ўзлаштиришга уриниш, ноқонуний тасарруф этиш, алалоқибат, яхшиликка олиб келмаслигини, қолаверса, ҳар қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракат учун жавобгарлик муқаррар эканлигини унутмаслик керак.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

 

 

 

 

 

 

Report content on this page

Teglar
- -