ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Ўзбеклар алоҳида этник бирлик (элат) бўлиб, Мовароуннаҳр, Хоразм, қисман Еттисув ҳудудларида шаклланган. Ўзбек халқининг асосини суғдийлар, бақтрийлар, хоразмийлар, фарғоналиклар, шошликлар, қанғлар, сакмассагетлар каби этник гуруҳлар ташкил этган.
Амударё ва Сирдарё оралиғида юқоридаги қабила ва элатларнинг аралашуви натижасида ўтроқ ҳаётга мослашган туркий ҳудудий майдон ва ўзбек халқига хос антропологик қиёфа яъни ташқи кўриниш шаклланди.
Ўзбеклар этногенезида қатнашган навбатдаги этник гуруҳлар кушонлар, хионийлар, кидарийлар, эфталлардан иборат бўлди.
Ўлкага кириб келган Турк хоқонлиги аҳолиси билан маҳаллий аҳоли ўртасида маданий-хўжалик анъаналарнинг жадал уйғунлашуви юз берди. VIII асрда араб истилосидан кейин бу ерга ислом дини асосий эътиқод тури сифатида кенг тарқалди ва ислом дунёси учун қабул қилинган араб тили ҳамда ёзуви Марказий Осиё минтақасида катта мавқэга эга бўлди.
Айрим олимлар ўзбек халқининг этногенези Қанғ давлатидан (милоддан олдинги III - милодий V аср ўрталарида) бошланган деган сўзларини келтирган. Тўғри, Қанғ давлати доирасида мураккаб этник жараён юз берган. Аммо бу жараён ўзбек аждодларига хос этногенетик жараён эди. Шу жараён туфайли Қанғ давлати ичида милоддан оддинги II - милодий I асрлар давомида мутлақо янги, туркий тилли халқ, қанғар элати вужудга келади. Бу элат эрон тилли халқлар билан туркий тилли қабилаларнинг аралашиб, қоришиб бориши натижасида ташкил топган.
IX асрда Мовароуннаҳр ва Хоразмда яхлит туркий халқ қатлами, туркий тил муҳити мустаҳкамлана бошлади ва ўз навбатида суғдий ҳамда бошқа маҳаллий этносларда ҳам туркийлашиш жараёни жадаллашди. Қорахонийлар даврида ўзбек халқининг шаклланишида якуний босқич бўлди.
Асл туркийларнинг юз тузилиши худди ҳозиргидай узунчоқ, кўзлари кўк, қизларининг кўзи бодомқовоқ, бурунлари қиррабурун, ияклари узунчоқ, пешонаси кенг, сочлари малла, тана тузилиши эса хипча бўлган. Эронийзабон туркларнинг кўриниши ҳам худди Сибирдан кириб келган ўғуз туркийлари каби бўлган, лекин уларнинг ёноқ суяклари чиқмаган, ияклари тўғри узунчоқ бўлган.
Туркийлар кириб келгач, аралашув натижасида уларнинг юз тузилиши ҳам ўзгариб, узунчоқ эмас, думалоқроқ бўла бошлади. Европа тарафдан кириб келган туркийларнинг юзлари бироз думалоқроқ, икки ёноқ суяги чиққан, кўзлари қўйкўз, тана ранги буғдойранг, жуссаси бақувват бўлган. Икки туркий қоришгач, ўзбек халқи пайдо бўлди. Уларнинг антропологик типи икки дарё оралиғи типи дейилади.
Ўзбек халқининг шаклланишида асосий иккита халқнинг қиёфаси бор: бири қадимий суғдий, хоразмий, бохтарий бўлса, иккинчиси туркий ўғузлар. Ўзбеклар халқ сифатида XI-XII асрларда шаклланган. Ўзбек халқининг келиб чиқишида муҳим фактор бу тил ва улар бирлашган сиёсий уюшма бўлиб, бу жараён Қорахонийлар даврида туркий тилнинг ҳукмрон бўлгани билан якунлангани, бугунги кунга қадар энг кўп тарафдор топган фикр ҳисобланган.