insurez
15-11-2024 15:13

Янги баҳолаш тизими: афзалликлар ва муаммолар


Вилоятимиздаги айрим мактаблар янги баҳолаш тизимига ўтиб, фаолият олиб бормоқда. Каттақўрғон шаҳридаги учта мактаб янгича баҳолаш тизимига ўтган. Улардан бири 2-ИДУМ бўлиб, унда 1451 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Хўш, янги баҳолаш нима дегани? Мактабларда жорий этилаётган баҳолаш тизимини мазкур муассаса мисолида ўргандик.

- Мактабимиз 2020-2021-ўқув йилида кимё-биология фанига ихтисослаштирилган, - деди мактаб директори Замира Исанова. – Ўтган ўқув йилидан бошлаб янги баҳолаш тизимига ўтдик. Ҳозирча бу баҳолаш тизимини 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчиларга жорий этдик. Тўғри, бошида бироз қийналдик, ота-оналарга янги тартибни тушунтиришимизга тўғри келди. 

- Янги баҳолаш тизимида ўқувчига дарсда иштирок этгани, уйга вазифани бажарганига баҳо эмас, балл берилади, - деди директор ўринбосари Ҳасан Тойиров. – Масалан, уйга вазифани аъло бажарган ўқувчига 4 балл берилади. Агар ўқувчининг бажарган уйга вазифасида хато ва камчиликлар бўлса, 3 балл олади.  Агар у дарсда фаол иштирок этса, у яна 6 баллни қўлга киритади. Дарсда ўқувчининг фаоллигига қараб 1 баллдан 10 баллгача берилади. Шунингдек, ўқувчи боб бўйича сумматив баҳолаш, яъни боб бўйича сумматив баҳолашдан 50 балл, чорак бўйича сумматив баҳолаш, яъни ЧСБ бўйича сумматив баҳолашдан 40 балл олса, у етарли баллни тўплаган бўлади. Ўқувчилар бир чоракда уч мартагача боб бўйича сумматив баҳоланади. Чорак якуни бўйича бир марта баҳоланади. Текшириш якунига кўра, ўқувчиларнинг тўплаган баллари бир ҳафта муддат ичида электрон журналга қўйилади.

Янгича баҳолаш тизимининг афзаллиги шундаки, ўқитувчи қасддан ўқувчига паст балл ёки ёрдам сифатида юқори балл қўя олмайди. Ўз навбатида, ўқувчи ҳам ҳаракат қилмаса, дарсларни ўзлаштиролмай, синфдан синфга қолишини англаб етади ва ўқишга мажбур бўлади. Сабаби, янгича баҳолаш тизимида режа бўйича ҳар чоракда тўртта фаннинг боб ёки чораклик бўйича сумматив имтиҳонлари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мактабининг ишчи гуруҳи томонидан олинади. Ҳар бир фан бўйича сумматив баҳолаш (БСБ ва ЧСБ) материаллари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан тақдим этилади.

Ўтган ўқув йилида мактаб маъмурияти сумматив баҳолашда шаффофликка эришиш учун қолган фанларнинг имтиҳонларини олишга бошқа мактаб ўқитувчиларини жалб этган. Ўз навбатида, мактаб ўқитувчилари ҳам янгича баҳолаш тизимига ўтган мактабларга сумматив баҳолашга жалб этилган.

Янгича баҳолаш тизимида бир чоракда ўқувчи 30 балдан 100 балгача тўплаши лозим. Агар у 30 баллдан паст балл олса, “2” баҳо олган ҳисобланади. Сумматив баҳолаш жараёнига асосли сабабларга кўра қатнаша олмаган ўқувчилар учун баҳолаш жараёни алоҳида ўтказилишига рухсат берилади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, энди ўқитувчи ўқувчининг баҳосини бироз ошириб қўя олмайди. Янгича баҳолаш тизимида ўқувчининг ҳақиқий баҳоси чиқади. 2023-2024-ўқув йилида Каттақўрғон шаҳридаги 2-ИДУМ битирувчиларидан икки нафари кумуш медаль олган, олтин медаль ҳеч кимга насиб қилмаган. Бу ҳолат ҳам ота-оналарнинг бироз эътирозига сабаб бўлган. Мактабнинг 95 нафар битирувчисидан 13 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Ҳар бир янгиликнинг ўзига яраша муаммолари бўлиши табиий. Янги баҳолаш тизимига ўтган мактаб қоғоз муаммосидан қийналяпти. Чунки 850 нафар атрофидаги ўқувчи ҳар бир фандан сумматив баҳолаш учун электрон юборилган материаллар қоғозга чиқарилиб, ўқувчиларга тарқатилади. Мактабга ажратиладиган пул бундай қоғоз сарфига етмайди. Сумматив баҳолаш компьютерда олинса ҳам бўлади, аммо бунга мактабнинг 30 та компьютери камлик қилади.

- Мактабимизда чет тилини ўрганишга қизиқиши бўлган ўқувчилар талайгина, - дейди мактаб директори. – Айни пайтда юқори синф ўқувчиларининг 45 нафарида чет тилини билиш даражасини берувчи сертификат бор. Чет тили ўқитувчиларимиз ҳам миллий ёки халқаро тил билиш сертифатига эга.

Юқори синф ўқувчилари касбни ўрганяпти

Мазкур ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида юқори синфлар касб-ҳунарга ўргатиляпти. Ҳозирча мактабда тикувчилик ва веб-дизайн касбларини ўргатиш йўлга қўйилган бўлиб, 6 та тикув машинаси берилган.

- Устозимиз оддий чокдан тортиб, безак ва кашта чоклари тикишни ўргатди, - деди 10-синф ўқувчиси Шаҳризода Баҳодирова. – Қиз бола қайси касбни эгалламасин, у уйда бека сифатида тикишни билиши керак. Шунинг учун ушбу курсга қатнаб, тикишни ўрганяпман.

- Машғулотлар ҳафтада уч марта ўтказилади, - деди тикувчилик курси раҳбари Наргиза Жабборова. – Ўқувчи қизларга оддий тикишдан тортиб, кийим-кечак тикишгача ўргатаман. Мактаб битирувчиларига тикишни билиш даражасини берувчи сертификатлар топширилади. Улар мустақил ҳаётга қадам қўйгач, шу касб бўйича ишлаши мумкин.

Мактабга маънавият сектори мактаби мақоми берилган

Каттақўрғон шаҳрига қилган сафаримиз давомида 11-ИДУМ фаолияти билан ҳам танишдик. Мактабда ўтган ўқув йилидан бошлаб юқори синф қизларига тикувчилик, ўғил болаларга сартарошлик касби ўргатиляпти. Мактабда 21 та тикув машинаси бўлиб, хом ашё, яъни тикиш учун матолар маҳаллий бюджетдан берилади.

- Буюртма асосида дастурхон, ёстиқ, халат, чойшаблар тикиб сотяпмиз, - дейди мактабнинг технология фани ўқитувчиси Холида Шавриқова. – Ўқувчилар сотилган маҳсулотларининг пулини оляпти. Бундан ташқари, турли байрам тадбирларига саҳна учун гуллар ясаб сотамиз.

Мактабда ўғил болаларга сартарошлик касби бўйича махсус хона ажратилган ва керакли асбоб-ускуналар ўрнатилган. Ҳафтада уч кун дарсдан кейин юқори синф ўқувчилари машғулотларга жалб этилади.

Ихтисослаштирилган мактабдаги яна бир тўгаракда ўқувчилар ўрганяпти. Уларга ажратилган хонада дурадгорлик учун керакли барча жиҳозлар ўрнатилган.

- Касб-ҳунар ўрганаётган юқори синф ўқувчилари, мактаб ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида уч томонлама шартном имзоланган, - дейди мактаб директори Озода Салимова. – Шартномага асосан, мактаб битирувчиларини шаҳар ҳокимлиги иш билан таъминлаб беради.

Бундан ташқари, мактабда турли буюмлар ясаб, даромад қилаётган иқтидорли ўқувчилар бор. Улардан бири 8-синф ўқувчиси Меҳрангиз Тойиржонова. У 6-синфдан бошлаб мунчоқдан турли буюмлар ясаб сотади. Бир-биридан чиройли мунчоқли буюмларнинг харидорлари кўп. Қуроқчилик билан шуғулланиб келаётган Райҳона Санаеванинг маҳсулотларини турмушга чиқаётган қизлар сотиб оляпти. 

8-синф ўқувчиси Меҳрона Шукурова эса мозаика санъат тури билан шуғулланади.

- Мозаика санъатини ўтган йили интернетдан кўриб қолиб ўргандим. Онам қизиқишимни кўриб, менга керакли маҳсулотлар олиб берди, - деди Меҳрона. – Шундан кейин бу ҳунар билан шуғулланиб, маҳсулотларимни дўконларга сотаман, ҳатто улардан буюртма ҳам оляпман.

Яна бир 8-синф ўқувчиси Шаҳло Муҳаммадиева чизган расмлари билан турли танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ёзда у чизган расмлар халқаро кўргазмага қўйилди. 

Муассаса “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг шаҳар босқичида уч йилдан бери ғолибликни қўлдан бермай келмоқда.

- Айни кунда 50 нафар ўқувчининг чет тилини билиш даражаси бўйича сертификати бор, - деди мактаб директори. – Мактабимизда 16 нафар инглиз тили ўқитувчиси бўлса, улардан 15 нафарида халқаро С1 даражали сертификат мавжуд.

2023-2024-ўқув йилида мактабнинг 78 нафар битирувчиларидан 38 нафари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга кирган. Хусусий ва чет эл олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлари ҳисобга олинса, битирувчиларнинг 100 фоизи олий таълимда ўқишини давом эттиряпти.

Ушбу кўрсаткич ва ютуқлар инобатга олиниб, муассасага вилоятда маънавият сектори мактаби мақоми берилган. Мактаб ҳовлисида маънавият боғи, китоб бекати бўлиб, ўқувчилар бўш вақтида китоб мутоала қилади.

Биз гувоҳ бўлган иккала мактаб ҳам замонавий шарт-шароитларга эга. Синфларда телевизор ва электрон доскалар мавжуд, турли ўқув қуроллари, кўргазмали материаллар билан безалган. Бошқа мактабларда ҳам шундай шароитлар бўлишини орзу қилиб қайтдик.

Хуршида Эрназарова.

Teglar
- -