insurez
16-05-2024 17:06

Уч авлод вакиллари 2-ИДУМ да учрашдилар


Аждодларнинг ва кекса авлод вакилларининг ҳаётларини ўрганиш уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан сабоқ олиш ёш авлодни ҳаётда ўз ўринларини топишларида муҳим рол ўйнайди.

Ушбу эзгу анъанани давом эттирган ҳолда бугун шаҳримиздаги 2-ИДУМ да янги ҳаётга йўлланма олаётган битирувчи ўқувчилар, мактабни 1994 йилда тугатган собиқ битирувчилар ва фахрий устозлар иштирокида “Уч авлод учрашуви”  ўтказилди.

Тадбир аввалида мактабнинг ўқувчи-ёшлари томонидан Ватанни, қадрдон мактабларини мадҳ этувчи шеърлар, ажойиб куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Айниқса, мактабнинг “Тўрон” театри томонидан намойиш этилган спектакль тадбир иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди.

Шундан сўнг тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова сўзга чиқиб, бугунги ёшларни таълим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар, бунга жавобан кўплаб ёшларнинг ютуқларни қўлга киритаётганликлари ҳақида сўз юритди ва мактабнинг янги ҳаёт сари қадам қўяётган битирувчи ёшларининг кейинги олий таълимда ўқишни давом эттиришларида муваффақият тилади.

Мактабдаги шарт-шароитлар, билимга чанқоқ ёшларнинг шижоатларини кўрган фахрий устозлар, собиқ битирувчилар сўзга чиқиб, бу учрашувнинг эсда қоларли бўлганини таъкидладилар.

-Бизга таълим берган фидойи устозларнинг саъй-ҳаракатлари бизнинг олий таълимда ўқишни давом эттиришимизга, ижод ва адабиётга бўлган қизиқишимизни оширган, - дея хотирладилар шаҳримизда бугунги кунда ижод қилиб келаётган шоиралар Эркатош Шукурова ҳамда Фазилат Абдуллаевалар. Шоираларнинг ижод намуналарини ёшлар катта қизиқиш билан тингладилар.

-Мактабни битирганимизга ҳам 30 йил бўлди. Мактабнинг ҳар бир ери биз учун қадрли, -дея мактаб хотираларини ёдга олди шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жамшид Носиров. Айниқса, бизга таълим берган, бугун орамизда бўлмаган устозларни алоҳида эслаш ўринли.

Зеро, бугун менинг ҳамда республика миқёсида турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган тенгдошларимизнинг бугунги ютуқ ва муваффақиятларида ана шу устозларимизнинг хизматлари беқиёс. Биз албатта, келгусида мактабнинг ёшлари орасидан янада кўплаб ижодкорлар, фан номзодлари, давлат арбоблари, юртимиз, Каттақўрғоннинг равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук инсонлар етишиб чиқишига тилак билдирамиз.

Тадбир меҳмонларининг мактаб ҳақидаги ва устозлари билан боғлиқ хотираларини учинчи авлод бўлмиш мактаб ўқувчи-ёшлари катта қизиқиш ва ўзгача шукуҳ билан тингладилар.

Ўйлаймизки, бугунги учрашув ёшларни келгусида олдиларига қўйган улкан мақсадларни амалга оширишларида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ушбу тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.  

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

 

 

Report content on this page

Teglar
- -