РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДА БЎЛДИ
Мамлакатимизда миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг соҳада фуқароларга қулайликлар яратиш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги вазифаларидан келиб чиқиб, меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги давлат муассасаси шаклида бошқарув органига айланади.
“Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилади. Бунда, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилинади.
Бугун “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйиш, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритилиши ва миграциядан қайтган фуқароларни бандлигини таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи вакиллари Каттақўрғон шаҳрида бўлдилар ва бу борадаги ишлар билан танишдилар.
Дастлаб, шаҳар ҳокимлигида масъуллар иштирокида суҳбат ўтказилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳи вакиллари бу борадаги ишларни жойларга чиққан ҳолда ўргандилар.
“Яккабоғ” маҳалласида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси томонидан маҳалладаги хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни тил ва касб-ҳунар ўрганишлари, миграциядан қайтган фуқароларни ишга жойлашишларига кўмаклашиш борасида олиб бораётган ишлари билан танишдилар ва ўзларининг тавсияларини бердилар.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили ушбу маҳаллада яқинда фойдаланишга топширилган ижтимоий уй-жойлар бўлди.
“Яккабоғ” маҳалласида ҳомий тадбиркорнинг ташаббуси ва ёрдами ҳамда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан фойдаланишга топширилган уй-жойларда яшаётган 14 та оиланиниг 3 таси миграциядан қайтиб келган.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари миграциядан қайтиб уй-жойли бўлган ана шу оила бекалари билан суҳбатлашдилар.
Ишчи гуруҳ вакиллари бу каби имкониятлар юртимизда инсон қадри ва манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар доим эътиборда эканлигини таъкидладилар.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.