insurez
23-05-2024 14:44

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР САЙЛИ ЎТКАЗИЛДИ


Шаҳримиздаги Истироҳат боғида Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали ўқитувчилари ва талабалари иштирокида “Миллий қадриятлар сайли” ўтказилди.

Ёшларда миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, асрлар давомида сақланиб келаётган миллий қадриятлар ҳамда  бу борадаги ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирни  шаҳар ҳакими Гавҳар Алимова очиб берди.

Тадбир иштирокчилари сайл давомида талабалар томонидан тайёрланган  миллий либослар кўргазмаси, миллий анъаналаримизни акс эттирувчи саҳна кўринишлари талабаларнинг қўл меҳнатлари ва ижодий ишлари намуналари билан танишдилар.

Миллий рақс ва ашулалар, лапар ва айтишувлар, она Ватанни мадҳ этувчи тароналар, арқон тортиш, тош кўтариш ва миллий кураш спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақалар, миллий таомлар, амалий санъат намуналари кўргазмаси тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Миллий қадриятлар сайли якунида фаол талабалар ва устозларга филиал раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.  

Тадбирда ёшларда миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга нисбатан ҳурмат туйғуларини шакллантириш, ёшларнинг маънавий баркамол шахс сифатида жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кўмаклашиш ҳамда “оммавий маданият” таъсиридан асрашга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

Teglar
- -