insurez
25-11-2024 16:53

МАДАНИЯТ ВА ТУРИЗМ КЛАСТЕРИДА ИШЛАР ҚАНДАЙ КЕТМОҚДА?


Каттақўрғон шаҳрида туризм ва аҳолига маданий хизмат кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Каттақўрғон сув омборида Маданият ва туризм кластерини барпо этиш лойиҳасининг йўлга қўйилганлиги фикримизнинг ёрқин исботидир.

Каттақўрғонлик тадбиркор томонидан барпо этилаётган мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши нафақат Каттақўрғон шаҳри аҳолиси балки, Самарқанд вилоятига ташриф буюрадиган меҳмонлар учун ҳам қулай дам олиш маскани сифатида хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

Бугун шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова мазкур ҳудудда бўлди ва амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

-Ушбу лойиҳа 3 босқичли бўлиб, биринчи босқичда яшил табиат қўйнида кафе-бар, ёзги ширинликлар (музқаймоқ) замонавий овқатланиш шахобчалари, оилавий дам олиш масканлари, енгил конструкцияли тамадди жойлари барпо этилиши кўзда тутилган, - дейди тадбиркор Сафар Эргашев. Иккинчи босқичда аёллар учун ёпиқ ва эркаклар учун очиқ турдаги аквапарк, ҳаво шарлари ва сув техникалари, болалар оромгоҳидан иборат бўлган очиқ дам олиш маскани, ҳар -хил турдаги дам олиш уйлари, ресторанлар ҳамда 3- босқичда меҳмонхона ва 8 минг ўринга мўлжалланган Амфитеатр қурилиши амалга оширилади.

Шаҳар ҳокими айни дамда олиб борилаётган ишлар билан қизиқди. Ҳозирда 1-босқич якунига етиш арафасида. Яъни, сув бўйида оилавий овқатланиш масканлари кафе-бар ва ресторанлар, енгил конструкцияли тамаддихоналар замонавий кўринишда қад ростламоқда. Яшил табиат, бир маромдаги сув тўлқинлари дам олувчиларга ўзгача кайфият бағишлайди.

Шаҳар ҳокими шунингдек, дам олувчилар учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида тадбиркор томонидан ушбу ҳудудга келувчи йўлда олиб борилаётган асфальтлаштириш ишларини ҳам кўздан кечирди. Тадбиркор билан суҳбатлашган шаҳар ҳокими лойиҳанинг биринчи босқичини муваффақиятли амалга ошириш ва фойдаланишга топшириш бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Ўйлаймизки, мазкур маданият ва туризм кластери Каттақўрғон шаҳри аҳолиси ва шаҳарга келувчилар учун қулай ва замонавий талабларга жавоб берадиган ажойиб дам олиш масканига айланади.

Teglar
- -