insurez
17-12-2024 11:31

Каттақўрғон шаҳрининг тадбиркорлик имкониятлари Сеулда намойиш этилди


Шу йилнинг апрель ойида ICLEI халқаро ташкилоти раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифи давомида вазирликлар, Самарқанд, Навоий ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, унда келгусида ҳамкорликда қўшма лойиҳалар, семинар-тренинглар, ўқув дастурлари ташкил этиш бўйича келишувларга эришилган эди.

Шунга кўра, 15-20 декабрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Халқаро Нордик университети ва ICLEI ташкилотининг Шарқий Осиё котибияти ўзаро ҳамкорлик доирасида  қайта тикланадиган энергия манбаларини самарали ташкил этиш, шаҳарсозлик, кам углеродли бинолар ҳамда "яшил транспорт"ларга эътибор, яшил иқтисодиёт бўйича билим ва кўникмаларни ошириш бўйича  ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этиб, ICLEI ташкилотининг Шарқий Осиё котибияти раҳбари, жаноб Шу Джу билан учрашди. Унда энергия тежайдиган бинолар, қайта тикланадиган энергия ва барқарор транспорт бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Тадбир доирасида семинар иштирокчиларига Каттақўрғон шаҳрининг тадбиркорлик имкониятлари ҳамда ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини шакллантириш борасидаги тақдимот намойиш этилди.

Teglar
- -