insurez
13-03-2025 15:19

КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА «МУРАККАБ ТУҒРУҚЛАР: ТАЖРИБА, КАМЧИЛИК, ИННОВАЦИЯЛАР» МАВЗУСИДА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ


Бугун, 11 март куни Самарқанд давлат тиббиёт университети Дипломдан кейинги таълим факультети акушерлик ва гинекология кафедраси ташаббуси билан "Мураккаб туғруқлар: тажриба, камчилик, инновациялар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари, шаҳарлараро перинатал марказ мутахассислари, поликлиника шифокорлари ҳамда соҳага қизиқувчи тиббиёт талабалари фаол иштирок этдилар.

Конференциянинг асосий мақсади мураккаб туғруқларнинг сабаблари, уларни олдини олиш ва самарали даволаш усулларини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, тадбир давомида акушерлик ва гинекология соҳасидаги замонавий инновация ва технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференция давомида акушерлик ва гинекология соҳасидаги муҳим масалалар, хусусан, туғруқ жараёнидаги мураккабликлар, уларнинг сабаблари ва ечимлари ҳақидаги илмий маърузалар тингланди. Тадбирнинг илмий дастури доирасида қуйидаги маърузалар тақдим этилди:

«Акушерлик агрессияси – туғруққа ёрдам кўрсатиш сифатининг пасайиши сабаби» Маърузачи: СамДТУ ДКТФ акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, профессор Л.Р. Агабабян

Бу маърузада акушерликдаги агрессив ёндашувлар ва уларнинг она ҳамда бола соғлиғига таъсири ҳақида гап борди. Маърузачи ўз тажрибаси ва илмий таҳлиллари асосида туғруқ жараёнида ортиқча ва асоссиз тиббий аралашувларнинг зарарли оқибатлари ҳақида сўз юритди.

«Абдоминал туғруқлар оптимизацияси» (Каттақўрғон шаҳарлараро перинатал маркази материаллари асосида) Маърузачи: СамДТУ ДКТФ акушерлик ва гинекология кафедраси доценти, PhD З.А.Насирова

Абдоминал туғруқларни оптималлаштириш масалалари, ушбу муассаса томонидан тақдим қилинган туғруқ тарихлари тахлиллари мисолида кўриб чиқилди. Бундан ташқари кесар кесиш операциясига кўрсатмалар, унинг асоратлари ҳақида маълумотлар берилди.

«Чаноқ-бош диспропорцияси: ҳақиқат ва шифокор “фантазияси” Маърузачи: СамДТУ ДКТФ акушерлик ва гинекология кафедраси катта ўқитувчиси, PhD А.Т.Ахмедова

Ушбу маърузада чаноқ-бош диспропорциясининг ҳақиқий клиник кўрсаткичлари ва баъзи ҳолларда унинг нотўғри ташхис қўйилиши сабабли кесарча кесиш амалиётини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

«Туғруқлари норационал олиб борилган туғувчи аёллар тиббий ҳужжатлари таҳлили» Маърузачилар: СамДТУ ДКТФ акушерлик ва гинекология кафедраси ассистентлари, PhD Ф.И.Зокиров, PhD С.С. Ғойибов

Норационал олиб борилган туғруқ жараёнлари ҳақидаги тиббий ҳужжатларнинг таҳлили орқали, уларнинг сабаблари ва келгусида бундай ҳолатларни олдини олиш йўллари муҳокама қилинди.

«Антенатал парвариш камчиликлари»

Маърузачи: СамДТУ ДКТФ акушерлик ва гинекология кафедраси ассистенти, PhD У.М. Боборахимова

Антенатал парвариш жараёнида йўл қўйиладиган камчиликлар, уларнинг туғруқ жараёни ва янги туғилган чақалоқ соғлиғига таъсири ҳақида батафсил маълумот берилди.

Конференцияда мутахассислар мураккаб туғруқларнинг олдини олиш, туғруқ жараёнини рационал олиб бориш ва замонавий инновацион ёндашувлардан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишди. Ҳар бир маъруза бўйича клиник таҳлиллар асосида фикр-мулоҳазалар билдирилди ва илғор тажрибалар ўрганилди. Иштирокчиларнинг фаол иштироки, ўзаро фикр алмашинув ва савол-жавоблар тадбирнинг юқори савияда ўтишини таъминлади.

Тадбир иштирокчилари бу каби илмий-амалий конференциялар соҳа мутахассислари учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, келгусида ушбу анжуманларни янада кенг кўламда ташкил этиш зарурлигини қайд этишди.

Teglar
- -