КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
Қадрли ҳамшаҳарлар, азиз меҳнат фахрийлари!
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Xотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо килган Тўмарис, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби каҳрамонлар ва асрлар давомида xалқ орзу қилган эркинлик учун курашган Абдулла Қодирий, Махмудхўжа Беҳбудий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний каби миллий каҳрамонларимизни руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам карздир.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.
Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди.
Ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ва инсонийликнинг юксак намунасидир.
Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш — тинчликни буюк неъмат деб биладиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга 1,5 миллиондан ортиқ киши эвакуация қилинган бўлиб, уларнинг 250 минг нафари болалар бўлган. Улар нафақат болалар уйларига юборилган, балки бағри кенг ўзбек оилалари томонидан ҳам тарбияга олинган. Хусусан, 1944 йил урушдан уйига оғир жароҳат билан қайтган ҳамшаҳримиз Ҳамид Саматов қаровсиз қолган турли миллат вакилларидан иборат бўлган 13 нафар болаларни асраб олиб, уларни вояга етказганлиги бунинг ёрқин исботидир.
Ўтган йилда шаҳримизнинг Амир Темур кўчасида Ҳамид Саматов жасоратига, унинг одамийлик ҳислатларига ҳамоҳанг тарзда барпо этилган ёдгорлик мажмуаси инсонийликнинг юксак намунасига қўйилган монументдир.
Яна шуни айтиш жоизки, бугун хотира ва қадрлаш куни арафасида шунингдек, Мустақиллик йилларида Ватан озодлиги, сарҳадларимиз тинчлигини сақлаш, миллий тараққиётимиз йўлида жонини фидо қилган ҳамшаҳарларимизни ёдга олиш, уларни хотирасига ҳурмат бажо келтириш, кексалик гаштини сураётган фахрийларни қадрлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш ҳам ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Жумладан, Каттақўрғоннинг жасур ва мард ўғлонлари, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш чоғида шаҳид кетган Улуғбек Барноев, Бахром Эргашев ҳамда Жамшид Расуловларнинг порлоқ хотиралари каттақўрғонликларнинг қалбида абадий яшайди.
Азизлар!
Кўпмиллатли тинчликсевар ўзбек халқи учун 9-май санаси аввало Хотира ва қадрлаш куни сифатида азиз ва мўътабардир. Биз учун хотира инсоннинг инсонлигини англатадиган тушунча, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турадиган буюк маънавий қудратдир.
Эл-юрт тинчлиги ва озодлиги учун курашган мард ва жасур инсонлар хотирасини ёд этиш орқали биз тарихдан буюк аждодларнинг авлодлари эканлигимиздан фахр ва ифтихор туйғусини ҳис қиламиз ва қаҳрамон ота-боболаримизнинг номларини шарафлаш, уларга юксак ҳурмат кўрсатишни бурчимиз деб биламиз.
Қолаверса бугунги кунда амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «Инсон қадрини улуғлаш» ғояси асосий ўрин эгаллайди.
Ушбу тамойил ҳам хотира ва қадрлаш тушунчаси билан ҳамоҳанг тарзда халқимизнинг азалий эзгу орзу-интилишларига тўла жавоб беради.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида яна бир бор Иккинчи жаҳон урушида қатнашган барча меҳнат ва уруш фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг кўрсатган жасоратларини юксак эътироф этган ҳолда уларнинг порлоқ хотиралари ҳамиша қалбларимизда мангу яшашига ишонамиз.
Қадрли каттақўрғонликлар!
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, бугун тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.