insurez
05-08-2024 16:44

Каттақўрғон маданият ва маърифат ўчоғи бўлиб қолиши лозим


Каттақўрғон шаҳри азалдан маданият ва маърифат ўчоғи бўлган. Шаҳримиздан қанчадан қанча улуғ инсонлар, санъат намоёндалари етишиб чиққан.

Бироқ кейинги пайтларда шаҳримиздаги айрим никоҳ тўйларида учраётган ҳолатлар дилни хира қилмоқда.

Бугун мазкур масала бўйича шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова томонидан тегишли мутасаддилар, маҳаллалар раислари, Маданият бўлими ходимлари, хонандалар ва тўй бошловчилари иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорнинг Каттақўрғон шаҳридаги ижроси ҳамда шаҳар фуқаролари, оила ва хонадонларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан йиғилиш ўтказилди. 

Йиғилишда халқимизнинг миллий урф- одатлари, маънавияти ва маданияти, анъана ва қадриятларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликларни олдини олиш барчанинг бирдек вазифаси ва бурчи эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида шаҳримизда ўтказиладиган тўй маросимлари ва маракаларни тартибли ўтказилишини назорат қилиб бориш, бу борадаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли масъулларга топшириқлар берилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Teglar
- -