Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсати такомиллаштирилади
“Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-347-сон, 04.10.2024 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида қуйидагилар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:
меҳнат бозорини, банд ва ишсиз аҳолини таркибий таҳлил қилиш, ишсизларни манзилли аниқлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш;
аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини шакллантириш, бўш иш ўринлари ҳисобини юритиш, ишсизларни ишга жойлаштириш;
камбағалликни қисқартириш;
ҳоким ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштириш;
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тугатилди.
2025 йил 1 декабргача:
50 та туманда, 2026 йилда қолган туманларда 50–100 гектардан ижара асосида ажратилган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида саноатлашган плантация, боғ ва узумзорлар ташкил этилади;
ижара асосида ер майдонлари ажратилган туманларда камида 40 гектар майдонда “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади.
Давлат меҳнат инспекциясига камерал назорат ўтказиш ваколати берилади
Қарорга кўра, саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йил 1 декабрга қадар 1 000 та, 2026 йилда 2 000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.
“Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказлари ташкил этилади ҳамда қуйидагилар йўлга қўйилади:
2025 йил 1 январдан иш берувчилар талабига мослашувчан ўқитиш муддати ва вақтини назарда тутувчи тезкор курслар;
2025 йил 1 мартдан амалий касбий кўникмаларни бевосита иш жойида шакллантириш имконини берувчи янги тажрибани жорий этиш;
2026 йил 1 январгача касбий кўникмалар марказларини халқаро баҳолаш ташкилотларининг аккредитациясидан ўтказиш орқали уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар (малака паспортлари) бериш;
2026 йил 1 июлгача халқаро стандартлар бўйича касбий малакани баҳоловчи маркази ташкил қилинади ва хорижий давлатларда тан олинадиган малака сертификати бериш;
Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан:
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларига меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлиги учун камерал назорат ўтказиш ваколати берилади.
мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси таъминланганлик ҳолати онлайн рейтинг асосида баҳоланади.
Зафар Абдурахимов,
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими
юридик хизмат кўрсатиш маркази
бошлиғи