Хитойдан Каттақўрғонга автобус келтириш бўйича меморандум имзоланди
Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган, ҳаёт сифатини кўрсатадиган муҳим ижтимоий хизмат. Бугун юртимиз бўйлаб ушбу хизматдан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчилар фойдаланади.
Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш боасидаги топшириқлари ижроси юзасидан Каттақўрғон шаҳрида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, каттақўрғонлик тадбиркор “MAROKAND TRANS 777” МЧЖ ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида тузилган импорт шартномалари асосида Самарқанд шаҳрига 100 дона автобуслар олиб кирилди. Эндиликда ушбу тадбиркор Ўзбекистон вилоятларининг бошқа шаҳар ва туманларини ҳам жамоат транспорти билан тўлдириш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг бир нечта нуфузли автобус ишлаб чиқарувчи заводларнинг вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда.
Куни кеча Хитой Республикасининг йирик автобус компанияси вакиллари ва шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирокида учрашув ўтказилди.
Дастлаб, икки томон вакиллари жумладан, Хитой ва Ўзбекистондаги лойиҳа ҳамкорлари, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда маҳаллий тадбиркорлар ўртасида зоом орқали келишув йиғилиши ўтказилди. Олиб борилган музокаралар натижасида 2024-2025 йилларда умумий қиймати 171.0 миллион доллар бўлган электробус ва автобусларни келтириш бўйича англашув меморандуми имзоланди ва лойиҳани амалга ошириш бўйича Хитой давлатига ташриф режалаштирилди.
Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова компанияга ўз ҳурматини билдирди ва Хитой Халқ Республикаси билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, каттақўрғонлик тадбиркорнинг Каттақўрғон шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига ишонч билдирди. Йиғилишда “MAROKAND TRANS 777” МЧЖ томонидан келтирилган автобусларни шаҳар ҳудудида белгиланган йўналишларида 10 йил давомида тўсиқсиз ишлашини кафолатланиши билдирилди.
Албатта, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши йўловчи ташиш сифатини яхшилаш ҳамда шаҳар аҳолисини жамоат траспортига бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.