Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг тўқсон биринчи сессияси ўтказилди
Бугун шаҳар ҳокимлиги биносида Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг тўқсон биринчи сессияси ўтказилди.
Унда Самарқанд вилоят прокурори Муродқосим Эшназаров, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, сектор раҳбарлари, депутатлар, ҳоким ўринбосарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессия кун тартиби бўйича Республикамиз Президентининг 2024-йил 14-майдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни камбағаллик даражасидан чиқариш, доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетган фуқаролар билан ишлаш, “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг масъулиятини ошириш йўналишларига эътиборни қаратиш зарурлиги тўғрисида”ги 16-879-сон топшириқ хати ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар сектор раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Дастлаб кун тартибидаги масала бўйича 1-сектор раҳбари, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова сўзга чиқиб, Каттақўрғон шаҳрида бу борада амалга оширилаётган ишлар, ҳудудларда “маҳалла еттилиги” томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳисобот берди ва режалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Исмоил Нуриддиновнинг сектор томонидан ҳудудда бу борадаги қилинаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Сессия давомида Каттақўрғон шаҳар 3-сектор раҳбари, шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Ғулом Исломов ҳамда 4-сектор раҳбари, шаҳар давлат солиқ инспексияси бошлиғи Фаррух Ғаниевларнинг ҳам ҳисоботлари депутатлар эътиборига ҳавола этилди.
Сессияда кўрилган масала юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб берилди.
Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.