insurez
03-12-2024 16:46

ХАЙРУ САХОВАТ ДИЛЛАРГА ҚУВОНЧ БАХШ ЭТДИ


Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш амалга оширилаётган сиёсатнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу жумладан имконияти чекланган, давлат кўмагига муҳтож бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар юртимизда инсон қадр-қимматининг олий қадрият эканлигидан далолатдир. Бугун 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан шаҳримизда ташкил қилинган тадбирлар ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан ҳамшаҳарларимиз Драма театрда ташкил қилинган “Инсон қадри учун” хайрия марафонида иштирок этиш учун йиғилдилар. Тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бу каби эзгу анъаналар халқимизга хос фазилат эканлигини, ҳар бир инсон бу каби хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидади.

Тадбирлар доирасида шаҳар ҳокими Г.Алимова шаҳримиздаги 10 – сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрди. Муассасада болажонлар томонидан тайёрланган рақслар, айниқса барчага манзур бўлди. Болажонларга байрам совғалари топширилди.

Саховатпеша инсонлар ва шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳримиздаги имконияти чекланган ҳамшаҳарларимиз учун байрам дастурхони ёзилди. Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова имконияти чекланган ҳар бир юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳр-у эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлаётганлигини алоҳида таъкидлади. Тадбир шаҳар маданият бўлими санъаткорларининг мусиқий дастури остида давом этди.

Бугун шунингдек, 5 махсус мактаб интернатида ташкил қилинган тадбир ҳам инсон қадри улуғлашга йўғрилган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бўлиб ўтди. Тадбирга ташриф буюрган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова сектор раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларини муассаса тарбияланувчилари кўзларида қувонч билан кутиб олдилар. Бу ерга келувчиларни болажонларимиз доим мана шундай ўзгача шодлик билан кутиб оладилар дейди, - муассаса раҳбари. Тадбир иштирокчилари дастлаб тўгаракларда болажонлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати намуналари билан танишдилар.

Шундан сўнг тарбияланувчилар томонидан тайёрланган ажойиб қўшиқлар ва рақсларни тадбир иштирокичилари катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Ҳомийлар томондан ташкил қилинган байрам дастурхони ва байрам совғалари айниқса болажонларга завқ улашди.

Албатта, бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад ҳам имконияти чекланган лекин жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган ҳамюртларимизга қувонч улашишдир.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Teglar
- -