insurez
01-05-2024 18:45

БУЮК ДАВЛАТ АРБОБИ ВА ҚОМУСИЙ ОЛИМ МИРЗО УЛУҒБЕК ШАХСИ, ТАШКИЛ ҚИЛГАН РАСАДХОНАСИ, БУНЁД ЭТГАН МАДРАСАЛАРИ, ИЛМИЙ МЕРОСИ


Мирзо Муҳаммад ибн Шоҳруҳ ибн Темур Улуғбек Қўрағоний (1394-1449) - буюк астроном ва математик, ўз даврининг атоқли алломаси, давлат арбоби, Моварауннаҳрни 1441-1449 йиллар бошқарган, машҳур ҳукмдор ва соҳибқирон Амир Темурнинг набираси.

1417-1420 йилларда қуриб битказилган Мирзо Улуғбек мадрасасининг биринчи мударриси Мавлоно Хавофий бўлган. Кейин бу мадрасага узоқ вақт мобайнида машҳур аллома Қозизода Румий мударрислик қилган. Тарихий манбаларда Қозизода Румийнинг маърузасини эшитиш учун Абдураҳмон Жомий Ҳиротдан Самарқандга махсус келгани айтилган.

1420 йилда Оби Раҳмат ариғининг ёқасида расадхона қурилиши бошланади. Цилиндр шаклли, уч қаватли бу иншоот 9 йил мобайнида қурилган. Қурилиш тугаши биланоқ, бинода илмий ишлар бошланади. Бу ерда Мирзо Улуғбек бошчилигида Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Коший каби машҳур олимлар кечаю кундуз юлдузлар илми билан шуғулланади. Расадхонада олиб борилган узоқ ва машаққатли илмий кузатишларнинг натижасида “Зижи жадиди Кўрагоний”, яъни “Кўрагонийнинг янги жадвали” номли фундаментал асар ёзиб тугалланади.

Тарихий манбаларда айтилишича, Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда 100 дан зиёд етук аллома илм-фаннинг турли соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб борган. Мирзо Улуғбек яратган бу илмий мактаб фан тарихига “Дорул Ҳикма” (“Донишмандлар уйи”) номи билан кирган.

1979 йил Японияда ўтказилган халқаро конференцияда Япония Фанлар академиясининг Президенти проф. Саппоро Миякининг “Самарқанд – нафақат жаҳон цивилизациясининг маркази бўлиб қолмай, аллома Мирзо Улуғбек асос солган фалакиёт илмининг ҳам марказидир” деб айтган сўзлари Самарқандни халқаро миқёсдаги салоҳияти тўғрисидаги фикрларини яна бир бор тасдиқлади.

Мирзо Улуғбек Самарқандда бутун бир астрономик мактабга асос солди. Улуғбек Самарқандда табиий фанлар билан ўзи бевосита шуғулланди. Машҳур математик ва астрономларни ўз атрофида тўплаб, илмий тадқиқотларга кенг йўл очиб берди. Мирзо Улуғбекнинг расадхонаси ва илмий ишлари олим замондошларини ҳайратда қолдириб, уларни диққат-эътиборини ўзига қаратди ва тез орада етук мунажжимнинг шон-шуҳрати бутун жаҳонга ёйилди.

Мирзо Улуғбек ижодига назар ташлар эканмиз, унинг жаҳонда биринчи бўлиб илм хазинасини тебратиб, уни фаннинг ноёб дурдоналари билан бойитган, жаҳон олимларини ҳайратда қолдириб, уларнинг олқишига сазовор бўлган ҳамда биринчи бўлиб Самарқандда академия ва унинг расадхонасига асос солган, унда астрономик кузатишларни ўтказиб, катта аниқликка эга бўлган, илмий натижаларга эришган ва янги илмий йўналишга асос солган олим эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Уни энг аввал машҳур ёзувчи, файласуф ва тарихи олим Волтер (1694-1778 йй.) эътироф этган. Мовароуннаҳрда Амир Темурнинг ўрнига тахтга чиққан машҳур Мирзо Улуғбек Самарқандда биринчи академияга асос солди. Ер куррасини ўлчашни буюрди ва астрономик жадвалларни тузишда иштирок этди. Мирзо Улуғбек атрофида уюшган юздан ортиқ олимни ўз бағрига олган, номи жаҳонга машҳур расадхонаси шу вазифани ўтаган. Улуғбекнинг Самарқанд ва Бухородаги мадрасалари ўз замонасининг дорилфунунлари эди. Бу мадрасаларнинг дарсхоналарида илоҳиёт илмларидан ташқари риёзиёт (математика), хандаса (геометрия), илмий ҳайъат (астрономия), тиббиёт (медитсина), тарих, жўғрофия, илмий аруз (поетика) сингари дунёвий илмлар ўқитилган. Самарқанд илмий марказининг фаолияти Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний”, “Тарихи арбаъ улус”, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшиднинг “Талхис алъ-мифгох”, Қозизода Румийнинг “Шарҳи мулахис фи-лайъа”, Алоуддин Али Қушчининг “Рисола дар илми фалакиёт” асарларида акс эттирилган.

Мирзо Улуғбек бошчилигида расадхонада олиб борилган илмий кузатишларнинг ҳисоблаш натижаси ҳозирги замон ҳисоблашларидан жуда оз фарқ қилади. Масалан, Қуёш ва Ой ҳаракатини ҳисоблашга таъллуқли бўлган эклептика текислигининг экваторлигига олмаганлигини 230301171 деб топган бўлса, унинг хатоси ҳозирги назарий ҳисоблаш (230301491) га нисбатан 32 секунддир. Йил ва ойлар, кун ва ҳафталар, саналарнинг келиб чиқишива уларнинг бир-бирига муносабатлари масаласида, юлдуз йилини Улуғбек 365 кун, 6 соат, 10 минут, 8 секунд деб ҳисоблаган бўлса, ҳозирги назарий ҳисоблаш (365 кун, 6 соат, 9 минут, 6 секунд)га нисбатан, унинг хатоси 1 минут 2 секунддир.

Мирзо Улуғбекни “Тарихи арбаъ улус” китобидан ташқари Самарқанд расадхонасида эришилган илмий тадқиқотларнинг натижалари юлдузлар ва сайёралар ҳаракатига бағишланган бўлиб, бу янги астрономик жадвал “Зижи жадиди Кўрагоний” бўлиб, бу асарда 1019 юлдуз вазияти кўрсатиб берилган. 

Мирзо Улуғбек академиясида математика, геометрия, фалакиёт, тарих, мусиқашунослик илмлари соҳасида тадқиқот ишлари олиб борилганки, бунда фалсафа ва мантиқ илмлари дастури амалий аҳамиятга эга бўлган. Аниқроқ қилиб айтганда, фалсафа ва мантиқ қайд этилган фанлар йўналишида олиб борилган фундаментал тадқиқотларда билиш методи – усули бўлиб хизмат қилган. Шунга кўра ана шу иккала фан ривожига катта эътибор берилади ва бунинг натижаси ўлароқ, Мирзо Улуғбек академияси қошида фалсафа-мантиқ мактаби юзага келади. Аммо мавжуд илмий адабиётларда ушбу мактабнинг шаклланиши, унинг вакиллари ҳақида деярли фикр билдирилмайди ва бу борада тадқиқот ишлари олиб борилмаган. Шуни таъкидлаш керакки, Улуғбек академиясининг шаклланишида унинг фалсафий мантиқий йўналишидаги юксак салоҳиятга эга бўлишида бобоси Амир Темурнинг илм-фан, маданият равнақига катта эътибор берганлиги ва бунга халқ руҳини уйғотувчи куч, деб қараганлиги муҳим рол ўйнайди.

Соҳибқирон ҳокимиятни қўлга олгандан сўнг ўша даврнинг машҳур олимлари, файласуф, мантиқшуносларини Самарқандга келишлари ва бу ерда илмий ишларини олиб боришларини истаб, уларга таклифномалар юбортиради. Ўз даврининг таниқли файласуфлари, мантиқшунослари Тафтазоний, Журжоний ва бошқалар ана шу таклиф бўйича Самарқандга келадилар.

Муҳаммад ибн Умар Саъдиддин ат-Тафтазонийнинг (1322-1392) фалсафа, хусусан, мантиққа оид “Таҳзиб ал-мантиқ ва л-калом” (“Мантиқ ва каломга сайқал бериш”), “Алмутаввал” (“Кенг талқин”), “Рисола фи завол ал-мусаллас” (“Уч бурчакнинг бурчаклари ҳақида рисола”) асарлари, Мир Саййид Шариф Журжонийнинг (1339-1413) “Усули мантиқия” (“Мантиқ усули”), “Суғро” (“Кичик далил бўла оладиган ҳукм”), “Авсат дар мантиқ” (“Мантиқда ўрта хулоса”) мантиқий рисолалари Улуғбек ва унинг шогирдларининг илмий қарашларини шаклланишида назарий-методологик асос бўлиб хизмат қилади. Чунки ҳар икки мутафаккирнинг юқорида зикр қилинган асарлари моҳият эътибори билан ҳозирги фалсафий атама билан айтганда гносеология - билиш назариясига оид бўлиб, уларда илмиймантиқий билишнинг усуллари хусусида фикр юритилади.

“Зижи Кўрагоний” фақат астрономияга оид беқиёс ноёб илмий рисола бўлиб қолмасдан, айни пайтда теран фалсафий мазмунга эга бўлган рисоладир. Унда оламнинг тузилиши, унинг вақт ва фазода чексизлиги, шунингдек, олам ва одам муносабати каби фалсафанинг азалий муаммолари ўзига хос услуб, атамаларда баён этилади.

Мазкур асар дунё юзини кўрган пайтдан бошлаб турли мамлакат олимлари томонидан ўрганилиб, жуда кўп тилларга таржима қилинган, унга шарҳлар ёзилган. Лекин ҳозиргача “Зижи Кўрагоний” фалсафий асар сифатида тадқиқ қилинмасдан келинмоқда. Улуғбекнинг Жамшид Коший, Аловуддин Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид каби ҳаммаслак касбдош шогирдлари ўз устозлари каби фалакиёт илмининг билимдонлари бўлиш билан бирга зукко файласуф, мантиқшунос ҳам бўлганлар.

Марказий Осиё ва Туркия фани тарихида чуқур из қолдирган истеъдодли метаматик ва астроном олим Аловиддин Али ибн Муҳаммад Қушчи 1402 йилда Самарқандда таваллуд топган. Унинг отаси Амир Темур саройида ов бошлиғи сифатида хизмат қилгани учун ҳам “қушчи” тахаллусини олган.

Али Қушчи бошланғич маълумотни Самарқандда олади, ўз маълумотини ошириш учун 1414 йилда Эроннинг Кирмон шаҳрига боради ва у ердаги мадрасада 3 йил таълим олади, айниқса табиий фанларни, хусусан фалакиёт, риёзиётни пухта ўрганади, 1417 йили Самарқандга қайтади. Бу вақтда Самарқандда Улуғбек мадрасаси қурилаётган эди. Али Қушчи шу мадрасада ҳам таълим олишни давом эттиради, Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Кошийлардан илм сирларини ўрганади. Мадрасани битиргач, шу ерда фалакиёт ва риёзиётдан машғулотлар олиб боради, илмий ишлар билан машғул бўлади. Улуғбек расадхонасини қуриш ишларида ҳам фаол қатнашади. Шу даврда "Ҳисоб рисоласи" ва "Астрономия рисоласи" асарларини ёзади ва илм аҳли орасида катта обрў қозонади. 1428-йилда Улуғбек расадхонаси ишга туширилгач, бу ерда Улуғбек раҳбарлигида кузатувлар олиб боради, рисолалар ёзишда давом этади. Улуғбекнинг "Зижи жадиди Кўрагоний" асари ёзилишида Али Қушчининг ҳам ҳиссаси катта.

Али Қушчи Мирзо Улуғбекнинг энг севимли шогирди бўлган, илмий тадқиқот ишларида унга раҳбарлик қилган. 1438 йилда Хитойга юборилади ва элчи лавозимида ишлаган. Сафардан қайтгандан сўнг Али Қушчи Хитой тарихи ва жўғрофияси ҳақида йирик асар ёзади. Бу асар олимга жуда катта шуҳрат келтиради. XVI асрда икки марта турк тилига ҳам таржима қилинади.

        Али Қушчи Эрон, Кавказ ва Туркияга бир неча марта сафар ҳам қилади. 1430 йилда Ҳиротда Абдурахмон Жомий билан танишади. Али Қушчи қомусий олимдир. У математика ва астрономиядан ташқари фалсафа, мантиқ, фиқҳ (мусулмон қонуншунослиги), адабиёт назарияси ва тиббиёт фанларининг нозик томонларини жуда яхши билганлиги манбаларда қайд қилинади.

        Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг унинг Самарқанддаги машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани Али Қушчи сақлаб қолган деган тахминлар бор, ривоятларга қараганда кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Али Қушчи Самарқанд яқинидаги Хазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб, Али Қушчи Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлади. У аввал Кирмон шаҳрида яшаб Ҳасанбек ал-Қоюнли саройида хизмат қилган, 1465 йилда Туркия султони Муҳаммад II нинг таклифига биноан Истанбул шаҳрига кўчиб ўтган.

Турк султони Муҳаммад II 1453-йилда Константинопол шаҳрини забт этиб, бу шаҳарни мамлакат пойтахтига айлантирган эди ва у ерда зудлик билан Аё София ибодатхонаси масжидга айлантиб, масжид қошида мадраса қурилиши бошлаган эди.  Муҳаммад II (1451—1481йиллар) тараққийпарвар ҳукмдор бўлиб, ўз атрофига олим ва шоирларни тўплаган, илм-фан ва маданият ривожига ҳомийлик қилган, мадраса, кутубхоналар ва кўплаб масжидлар барпо этган. Султон форс, юнон ва араб адабиётини яхши билган, оʻзи ҳам "Авний" тахаллуси билан шеʼрий девон битган.

Султон Муҳаммад II Али Қушчини жуда ҳам ҳурмат қилган ва олимларга раҳбар қилиб тайинлаган. Али Қушчи Истамбул мадрасасида бош мударрис лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Али Қушчи илмий фаолиятини давом эттириб риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, мантиқ, адабиёт, мусиқа ва бошқа фан соҳаларидан рисолалар ёзади. Али Қушчидан 20 дан ортиқ илмий асар мерос бўлиб қолган. У кўп олимларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса Али Қушчининг "Улуғбек зижига шарҳ" асари астрономия тарихида катта аҳамиятга эга. У "Зиж"ни геометрик теоремалар ёрдамида шарҳлайди. Али Қушчи асарларининг кўпчилиги Туркиядаги Ая София мадрасаси кутубхонасида сақланиб қолган.

1472 йилда Али Қушчи Туркия султони Муҳаммад II га атаб “Китоб ал-Муҳмаммадия” деб номланган илми риёзиётга оид рисола ёзади. 1473 йилда Муҳаммад II Ироқни забт этади. Али Қушчи илми фалаккиёттга оид “Фатхия” рисоласини унга тақдим қилади. Иккала рисола ҳам муаллифнинг дастхати билан ҳозирги кунда Истанбулдаги Айя София кутубхонасида сақланади. Али Қушчи Айя София мадрасасида етакчи мударриси сифатида фаолият юритган.

        Али Қушчининг энг катта хизмати Мирзо Улуғбек мадрасасининг меросини сақлагани ва илмий ютуқларини бутун дунёга олиб чиқиши бўлди. Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг сиёсий воқеалар сабабли Туркияга кетишга мажбур бўлди. У “Зижи Курагоний”ни Истанбулга олиб боради ва кўп нусхада ҳаттотларга кўчиртирган.

        ХVII асрда асарнинг бир нусхаси инглиз олими Жон Гривс (1602-1652) қўлига тушиб қолади ва 1648 йилда бир қисмини нашр қилдиради ва шу тариқа самарқандлик олимларнинг бу ажойиб китоби Европа фанига ҳам кириб келади.

Али Қушчи “Зижи Кўрагоний”га шарҳ ёзади, ўқувчиларга қийин бўлган жойларини тушунтиради. Бу асарнинг қўлёзмалари Истанбул, Эрон, Ҳиндистон, Париж, Лондон, Лейден ва Санкт-Петербург кутубхоналарида сақланади.

Мирзо Улуғбек ва унинг мактабида фаолият юритган олимлар “Зижи Курагоний”ни ёзишида қадимги Ҳинд мамлакатидаги нужум илмига бағишлаб ёзилган “Синдҳинд” асари, қадимги юнон астроном олими Птолемей [Батлимус] нинг “Ал-Мажастий” китоби, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг “Зижи Маъмуний” асари, Абу Райҳон Берунийнинг “Қонуни Маъсудий” си, Умар Хайёмнинг “Зижи Маликшоҳий” китоби ва Насриддин Тусийнинг “Зижи Элхоний” номли астрономик асарлари асосий манба бўлиб хизмат қилган. 

Teglar
- -