insurez
21-05-2024 18:31

Битта қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз


“Ўғил боланинг илм олиши — бир кишига, қиз боланинг ўқитилиши эса бутун жамиятга таълим бериш билан тенг”, “Битта қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз” деб бежиз айтишмаган" Зеро Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қизларнинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши бутун жамият равнақи учун хизмат қилади”, “Қиз фарзандни, онани ўқитсак, жамиятни ўқитган бўламиз” .

Бугун шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг шаҳримиздаги битирувчи қизлар билан ўтказилган учрашуви ушбу масалага бағишланди.

Ҳар бир ота-она ўзидан эзгу ном қолдириш мақсадида фарзандларига яхши таълим–тарбия беришга ҳаракат қилади. Оила – тарбия маскани. Жамият эса оилалардан таркиб топади. Оилада тарбиянинг асосий масъулияти оналарнинг зиммасида экан, демак, жамиятдаги маънавий соғломлик бўлғуси оналарнинг, қизларнинг тарбиясига бево­сита боғлиқ.

Шу боисдан юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, улкан имкониятлар яратилган. Албатта, бунга жавобан бугун хотин-қизларимиз турли соҳаларда фаоллик кўрсатмоқдалар, -деди шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда яратилган улкан имкониятлар ва ислоҳотларга жавобан нафақат республика миқёсида, балки халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтираётган иқтидорли ёшлар орасида каттақўрғонлик қизларнинг ҳам борлиги қувонарли.

Шаҳар ҳокими шаҳримиздаги умумтаълим мактабларида аъло баҳоларга ўқиши билан бирга спорт ва олимпиада, турли танловларда ғолибликни қўлга киритиб келаётган қизларнинг ютуқларини эътироф этди.

3 мактаб ўқувчиси Севара Маматованинг  Арманистонда Бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 1- ўринни эгаллаб, Жаҳон чемпиони камарини қўлга киритгани, ушбу мактаб ўқувчиси Шодиёна Махмудованинг Дубай шаҳрида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича мусобақада фахрли 2- ўринни қўлга киритгани спортчи қизларнинг сонини янада оширишда  муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, 20 мактаб ўқувчиси Солиҳа Дагарова -Турин политехника университети томонидан ўтказилган  “Дастурчи қизлар” республика танловида 2-ўринни эгаллаб,  ушбу университетга талабаликка қабул қилинди. 

11 мактабнинг ёш китобхон қизи  Моҳинур Абдужабборова ҳам “Энг истеъдодли китобхон” республика танловида 2- ўринни, Феруза Аминова иншоолар танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади. Албатта, бу каби иқтидорли қизларимиз янада кўпайиши керак,- дея таъкидлади шаҳар ҳокими.

 

Учрашув давомида юқорида тилган олинган иқтидорли қизлардан Солиҳа Дагаровага ҳамда унинг ота-онасига шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда пул мукофоти тақдим этилди.

Албатта, битирувчи қизлар орасида чет тиллар бўйича халқаро сертификатларни қўлга киритаётган қизларнинг сони кундан- кунга ортиб бормоқда. Тадбир давомида ана шундай истеъдодли қизлар ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг олдига қўйган мақсадлари, уни амалга оширишда бор имкониятлардан фойдаланишларини билдирдилар ва бугунги учрашув уларнинг ҳаётларида унутилмас кун бўлиб қолишини эътироф этдилар.

Учрашув якунида шаҳар Драма театри томонидан намойиш этилган "Она" спектакли ҳам битирувчи қизлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Албатта, бу каби тадбирлар қизларни келгусида илм олишга бўлган иштиёқларини янада ошириш билан бирга уларни мақсадлари сари илдам қадам ташлашлари ва жамиятда ўз ўринларини топишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Teglar
- -