ТАЪТИЛ ЗАВҚЛИ ЎТАДИ

Болажонлар орзиқиб кутган ёзги таътил ҳам бошланди. Фарзандларимизнинг оромгоҳларда мириқиб, яйраб хордиқ чиқаришлари учун Каттақўрғон шаҳрида ҳам катта ҳозирлик кўрилди.  Жумладан, шаҳар ташқарисидаги Ибн Сино оромгоҳи ҳамда 3 та мактаб қошидаги кундузги оромгоҳларда барча шароитлар яратилди.

Ҳа, ёз пайтида ота-оналар фарзандларининг таътилни мазмунли, фойдали ўтказишлари ҳақида ўйлашади. Кимлардир болаларини табиат қўйнига – ўқувчиларнинг ёзги дам олиш масканларига юборишни маъқул кўрса, айримлар ўзлари билан ўлкамиз бўйлаб олиб чиқишни, кимлардир фан, ҳунар ва спорт тўгаракларига беришни лозим топишади.

- Ёзги таътил пайтида боланинг бўш вақти кўп бўлади. Шунинг учун уни назоратсиз қолдирмаслик, фойдали машғулотга жалб этиш муҳим масала. Бугун бу ҳақида жиддий ўйламаган ота-она эртага муаммога дуч келиши мумкин – дейди шаҳар халқ таълими бўлими мудири Шухрат Тагаев, - жорий йил ёзида шаҳримиз мактаблари ўқувчиларидан 300 нафари сўлим, манзарали Ибн Сино оромгоҳида, 600 бола 2,4,12-мактаблар қошида очилган кундузги оромгоҳларда дам олади. Таътил кунлари шаҳар “Баркамол авлод” марказида 20 дан ортиқ тўгараклар фаолият юритади. Мазкур тўгаракларга малакали ўқитувчи-мураббийлар ва 600 га яқин болалар жалб этилган. Хусусан, техник, бадиий ижодкорлик, экология ва ўлкашунослик, тасвирий санъат, дизайн, рақс, бичиш-тикиш, пазандаликни ўрганиш тўгараклари фаолиятига катта эътибор қаратилаётир. Оромгоҳларда ҳам ёзги таътил давомида мазкур марказ томонидан очилган 12 та тўгарак фаолият юритади. Ёз бўйи шаҳар стадиони ва спорт майдончаларида болалар иштирокида турли мусобоқалар, қизиқарли ўйинлар уюштирилиб борилади. Шаҳардаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида болалар сайллари, шаҳар халқ ва драма театрида завқли томошалар кўрсатилади. Шаҳар ўлкашунослик музейи ҳам болалар учун бир қатор тадбирлар белгилаган.

Абдуазиз ҲОШИМОВ

2015-2024 © Хокимият города Каттакургана. Разработан в: SAKTRM