СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ: ЎҚУВЧИЛАР УЧУН ҲАЁТНИНГ КАТТА ОСТОНАСИГА ИЛК ҚАДАМ

Image_tadbir: 

Бугун эрта тонгдан қўлларида гул, қалбларида каттагина ҳаяжон билан мактаб томон ошиқаётган ёшларни кўриб, беихтиёр ҳар биримизнинг ёдимизга мактаб билан боғлиқ илиқ хотиралар тушади. Ҳа, бугун барча мактабларда жарангла- ган “Сўнгги қўнғироқ” бахш этган бу ҳаяжон, бу қувончли лаҳзалар мактабни тамомлаб катта ҳаёт сари одимлаётган ёшларнинг қалбида ҳам бир умрга муҳрланади.

Зеро, бугун улкан орзу-мақсадлар билан таълим-тарбия қучоғида жам бўлишган ўқувчилар  ҳаётнинг катта остонасига қадам қўйишмоқда.

6 умумтаълим мактабидаги “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. Таълим масканини битираётган ўқувчиларни шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ж.Носиров табриклар экан, ёшларнинг келгуси ҳаётларида муваффақиятлар ёр бўлишини, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадиган ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топишларига тилак билдирди. Хулқи ва билими билан намуна бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналари ташаккурномалар билан тақдирландилар.

Шаҳримиздаги 17 ИДУМ. Ушбу масканда ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этган шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Ашуров сўзга чиқиб, битирувчи ёшларга Давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттирди ва уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига оқ йўл тилади. Ўзларига маъқул бўлган таълим муассасаларида ўқишларини давом эттиришлари учун барча шароитлар мавжудлигини таъкидлади.

2 ИДУМ шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2 сектор ҳудудида жойлашган. “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этган шаҳар прокурори ёрдамчиси Ж.Марданов ҳам ўқувчиларни муборакбод этди ва уларни келгусида нуфузли олийгоҳларни талабаси бўлишдек бахтга муяссар бўлишларини тилади. Тадбир давомида мактабни аъло баҳоларда тугатаётган битирувчи синф ўқувчиларига ташаккурномалар ва совғалар тақдим этилди.

11 ИДУМ ҳам бугун байрамона безатилган. Тадбирда сўз олган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш.Кучкарова ёшларни катта ҳаёт сари қўяётган қадамлари қутлуғ бўлишини ва билдирилган ишончни оқлаб, етук мутахассислар бўлиб етишишлари лозимлигини таъкидлади. Мактабнинг директори О.Салимова вилоят Халқ таълими бошқармасининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

- Мактабни битириш ҳам ёқимли, ҳам изтиробли экан. Олий ўқув юртига кириб ўқишни ўйласам қувонаман, 11 йил бирга ўқиган ўртоқларим билан хайрлашиш жудаям қийин экан, -дейди ушбу мактаб битирувчиси Анвар Қараханов.

Бугунги ҳаяжон мени узоқ йиллар тарк этмаса керак, -дейди 17 ИДУМ 11-“В” синф раҳбари Сайёра Имомова. - Ўқувчиларимнинг ҳар бири мен учун жуда қадрли, ўз фарзандимдек, уларни жудаям соғинаман.

Ҳа, бугунги тадбир битирувчилар, устозлар ва ота-оналарнинг қалбларига мана шундай ҳаяжонли ва унутилмас лаҳзаларни бахш этди. Бугун шаҳримиз мактабларини битираётган барча битирувчиларнинг келгуси ҳаётларида улкан муваффақият ва омад ёр бўлишини тилаймиз.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM