Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ишчи гуруҳи Каттақўрғон шаҳрида

Сир эмаски бугун мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ҳаётда қийналган аёлларга кўмаклашиш, уларни ўз ўринларини топишларига ёрдамлашиш бу борадаги ишларнинг асосини ташкил қилади. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар кўплаб хотин-қизларга улкан имкониятлар эшигини очмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Куни кеча шаҳримизда бўлган Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ишчи гуруҳи аъзолари ушбу йўналишдаги ишларни кўздан кечирдилар.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин- қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Г.Маруфова бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари Н.Шотурсунова, Т.Қодирова, Д.Мирзараимовлар шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамроҳлигида дастлаб  “Ермачит” маҳалласида бўлдилар ҳамда янги маҳалла ва шу ерда жойлашган шаҳар ҳокими раҳбарлигидаги сектор штабидаги шароитлар билан танишдилар.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизларни бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПҚ-376 сонли  қарорида касаначиликни ривожлантириш орқали оила бюджети даромадларини ошириш, уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар сонини қисқартириш, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, ушбу маҳаллада ҳоким ёрдамчисининг,  хотин-қизлар фаолининг бевосита саъй-ҳаракати билан касб-ҳунар мактаби билан ҳамкорликда ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.

Шу ернинг ўзида ўқиб тикувчилик ҳунарини эгаллаган хотин-қизларни бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчихона ҳам ташкил қилинган. Ишчи гуруҳи аъзолари иш жараёнларини кўриш давомида  тикувчилик билан шуғулланаётган хотин-қизлар билан ҳам суҳбатлашдилар.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, уй-жойи бўлмаган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эъибор қаратилган. Маҳаллада бу йўналишда ҳам ишлар ташкил қилинган бўлиб ана шундай хотин-қизлар учун ижтимоий уйлар барпо этилган ва фойдаланишга топширилган. Меҳмонлар ушбу уйдаги шароитлар билан ҳам танишдилар.

Ишчи груҳнинг навбатдаги манзили шаҳардаги “Яккабоғ” маҳалласи бўлди. Ушбу маҳаллада ҳам қийналган, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун ҳомийлик асосида барпо этилаётган уй-жойларни  кўздан кечирдилар.  

-Бугун Каттақўрғон шаҳридаги аҳолининг 45 702 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади,- дейди шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шаҳло Кучкарова. Ўтказилган хатловлар натижасида 6 та тоифага тўғри келадиган ижтимоий ҳимояга мухтож 4488 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичга киритилган ва уларга босқичма-босқич ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Аёлларни иш билан таъминлаш, ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш мақадида тизимли ишлар ташкил қилиб келинмоқда.

2023 йилда иш сўраб мурожаат қилган 300 дан ортиқ хотин-қизларнинг 100 га яқини ишга жойлаштирилган, 140 нафари касбга ўқишга йўналтирилган ва қолганларини ҳам тадбиркорликка жалб қилиш орқали банд қилиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсияларига кўра 2023 йил январь-апрель ойларида тижорат банклари томонидан  306 нафар хотин-қизларга 5.98 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган.  Бу борадаги ишлар йил давомида тизимли тарзда амалга ошириб борилади,- дея билдирди Ш.Кучкарова ўз сўзида.

Каттақўрғон шаҳрида  аёлларни иш билан таъминлаш, ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида ишчи гуруҳи аъзолари бу ишлар келгусида каттақўрғонлик хотин-қизларни ҳаётда ўз ўринларини топишларида, муҳими уларни ҳаётдан рози бўлишга ва амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга ундашини таъкидладилар.

Ҳақиқатдан ҳам оиласидан, фарзандларидан, турмушидан кўнгли тўқ бўлган аёл бахтиёр ва  ҳаётдан рози бўлади.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM