ҲАР ҚАНДАЙ НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМА ТЕГИШЛИ ТАРТИБДА БУЗДИРИЛАДИ

Бино ва иншоотлар қурилиши борасида тегишли шаҳарсозлик нормалари, тартиб-қоидалар мавжуд бўлсада афсуски, айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилмаларни барпо этиш ҳолатлари мавжуд.  

Худди шунингдек, “Кунжупай” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Х.нинг нотурар жой яъни, савдо дўконини қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш ҳақидаги мурожаатини ўрганиш жараёнида ҳам мана шундай ҳолатга дуч келинди.

Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, шаҳар қурилиш бўлими ҳамда Кадастр агентлиги шаҳар бўлими вакиллари ҳудудни ўрганиш жараёнида ушбу нотурар жой ўзбошимчалик билан ва қурилиш меъёрларга амал қилинмаган ҳолда барпо этилганлиги аниқланди.

Иншоотни қурилиш ишлари кадастр ҳужжатларига кўрсатилган майдондан икки баравар катта ҳудудда, кўчадаги пиёдалар йўлагига чиқиб кетган ҳолда амалга оширилмоқда. Шунингдек, қурилиш режалаштирилаётган объект шаҳар бош режасига мувофиқ эмаслиги, шаҳарсозлик ҳужжатларисиз амалга оширилган қурилиш монтаж ишлари мавжудлиги ва юқоридаги камчиликларга йўл қўйилганлиги боис рад қилинган.

Бундан ташқари шаҳар қурилиш бўлими хамда Кадастр агентлиги шаҳар бўлимлари томонидан фуқарога юқоридаги хатти-ҳаракатлари юзасидан огоҳлантириш хатлари ҳам берилиб, тегишли қонуний ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади. Нима учун барча тартибдаги қурилиш ишлари бўйича тегишли меъёрлар, қонун ҳужжатлари мавжуд бўлсада фуқаролар уларни четлаб ўтган ҳолда ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Агар улар қонун доирасида иш юритсалар ортиқча оворагарчилик, моддий зарар кўришдан ва бу борада белгиланган жавобгарликдан ҳоли бўладилар. 

Бу борадаги тартиб қоидалардан келиб чиқиб, шуни айтиш жоизки ушбу ҳолат бўйича фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан, қурилиш меъёрларига зид равишда қурилган иншоот ўз ҳисобидан буздирилади.

 Фуқароларимиздан юқоридаги каби вазиятга тушмасликлари учун қонун доирасида иш юритишларини сўраб қоламиз. Зеро, қонун барчага баробар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM