ШАҲАР ҲАРБИЙ ҚИСМ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ ХАЛҚАРО АРМИЯ ЎЙИНЛАРИ ҒОЛИБИ 

Ҳар йили анъанавий равишда  Миллий армиянинг куч-қудрати ва салоҳияти, юрт ҳимоячиларининг жанговар шайлиги ва касбий тайёргарлигини амалда яққол намоён этадиган халқаро армия ўйинлари ўтказиб келинади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бу сафар нуфузли мазкур VIII Халқаро армия ўйинларининг 20 та йўналишида иштирок этиши белгиланган бўлиб, 34 та йўналишни қамраб олган ушбу мусобақаларда 37 та давлатдан 275 та жамоалар ўзаро беллашишлари кўзда тутилган.

Мамлакатимиз жорий йилда илк бор мусобақаларнинг 5 та йўналишига мезбонлик қилди. Яъни Жиззахдаги «Фориш» полигонида «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари, Самарқанддаги «Сазаган» полигонида «Хавфсиз муҳит», Шарқий ҳарбий округда «Йўл патрули» ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида «Содиқ дўст» мусобақаси ўтказилди.

Қувонарлиси, Каттақўрғон гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг 2 нафар ҳарбий хизматчиси Халқаро ҳарбий ўйинларнинг “Қуролсоз уста” ҳамда “Хавфсиз муҳит” йўналишлари бўйича фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдилар.

 

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги миқёсида "Мен ғолиб" шиори остида “Энг илғор артиллерия ҳисоби” мусобақасида ҳам ҳарбий хизматчилар жамоадошлари билан иштирок этиб фаҳрли биринчи ўринни эгалладилар ва шохсупага кўтарилдилар.

-Бу каби халқаро мусобақалар ҳарбий хизматчиларимизни янада куч ва шижоатли бўлишга,  юксак ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришда, Миллий армиямиз нуфузини  оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, -дейди ҳарбий қисм маънавий ишлар бўйича командир ўринбосари Дониёр Жамолов.

Бугун, шаҳар ҳарбий қисмда ғолибларни кутиб олиш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосари Жамшид Носиров, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар. Ғолиблик нашидаси, ғурур ва ифтихор ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари юзларида ўзгача шукуҳ ва улуғворлик касб этганини яққол кўриш мумкин.

Тадбирда сўз олган ҳарбий қисм командири ҳамда ҳоким ўринбосари Жамшид Носировлар йигитларни ушбу нуфузли мусобақадаги муваффақиятлари билан муборакбод этдилар ва юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдек шарафли ва машаққатли вазифани, Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этишларида янада куч ва бардавомлик тиладилар.

Шундан сўнг ғолибларга Мудофаа вазирлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.

Ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига  ўз  миннатдорчилигини билдирди.

Ҳарбий хизматчиларга бир марталик пул мукофотлари, диплом ва медаллар тантанали равишда топширилди. Меҳмонлар учун ҳарбий оркестр ҳамда шаҳар маданият маркази ходимларининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.

Тадбир якунида ота-оналар ҳарбий қисмдаги шарт-шароитлар билан ҳам танишдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM