ҚАҲРАМОНЛАР НОМИ БАРҲАЁТ!

Мард ва жасур ўғлонларимиз, юксак салоҳиятли ҳарбийларимизнинг юрт тинчлиги ва сарҳадларимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги шарафли хизматлари таҳсинга лойиқ. Бугун улар ўзларининг ана шундай фидойиликлари билан мамлакатимиз тинчлиги, Миллий Армия ва Мудофаамиз қудратини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Айниқса, Давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва сарҳадларимиз тинчлигини таъминлашда хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг номини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Шу кунларда шаҳримиздаги меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида ҳарбийлар иштирокида “Қаҳрамонлар номи барҳаёт!” мавзусида давра суҳбатлари, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Ҳарбий қисмда ташкил қилинган учрашувга шаҳримиздаги 11 ҳамда 14 умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари ташриф буюрди.

Дастлаб, ёшлар ҳарбий қисмдаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.  

Ҳарбий қисм музейи, кутубхона ва бошқа ўқув машғулотлари хоналари билан танишиш асносида ёшлар ва ҳарбийлар ўртасида дўстона шахмат ва шашка мусобақалари ҳам ўтказилди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар ва ёшлар ўртасида суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат давомида кейинги йилларда юртимизда Қуролли кучларимиз ва Мудофаа салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва бугун Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда ҳарбийларнинг муносиб ҳисса қўшаётганликлари алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, бу йўлда жасорат кўрсатиб ҳалок бўлган каттақўрғонлик Улуғбек Барноев, Бахром Эргашевларнинг қаҳрамонликлари яна бир бор ёдга олинди.

Ҳарбий қисмдаги бир кунлик учрашувдан қалбларида ватанпарварлик ҳисси жўш урган ёшларнинг аксарияти келгусида ҳарбий бўлишларини айтган бўлсалар, яна бирлари қайси соҳада ишласаларда келгусида ўзларининг билим ва салоҳиятлари билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларини  билдирдилар.

Ёшларнинг ҳарбий қисмдаги учрашувлари эсда қоларли бўлди.

Бу каби тадбирлар давом этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM