Мактабгача таълим ташкилотларидаги ўрганиш натижалари таҳлил қилинди

Яқинда ишчи гуруҳи томонидан шаҳримиздаги мактабгача таълим ташкилотларидаги ижро интизомининг ҳолати, ҳудуднинг ободлиги, мавжуд талабларга риоя қилиш, болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар бўйича ўрганишлар ўтказилган эди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлиги ижро назорати раҳбари З.Рахимов, шаҳар ҳокими Г.Алимова, мактабгача таълим бошқармаси мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва таҳлил бўлими бошлиғи Ф.Жиянов иштирок этдилар.

Дастлаб сўз олган ижро назорати раҳбари З.Рахимов шаҳримиздаги мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳақида сўз юритди.

Жумладан, ўрганишлар натижасида ташкилотларда тарбияланувчилар учун шарт-шароитлар яратилганлиги билан бир қаторда ҳужжатларни юритилиши, ҳудуд ободлиги, санитария-гигиеник ҳолат ва бошқа масалаларда айрим камчиликларга йўл қўйилганлигини таъкидлади. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикрларини билдирди.

Бу борада сўзга чиққан шаҳар ҳокими Г.Алимова кейинги йилларда шаҳар мактабгача таълим ташкилотларида болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, муассасалар биноларининг янгидан барпо этилгани, мавжудларида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, замон талабларига жавоб берадиган масканга айланганлиги ҳақида сўз юртиди. Лекин булар билан бирга соҳа ходимлари бугун тизимда сифат самарадорлигига эришишга алоҳида  эътибор қаратишлари муҳимлигини, масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб боришлари лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг сўз олган шаҳар ҳокими ўринбосари Ж.Носиров бугун мамлакатимизда таълим, хусусан мактабгача таълим тизимида кенг ислоҳотлар амалга оширилаётган бир вақтда барча соҳа ходимлари, жумладан шаҳар мактабгача таълим бўлими ва унга қарашли мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари бунга виждонан ёндашган ҳолда ишни тўғри ташкил қилишлари мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Йиғилиш сўнггида мутасаддиларга айтиб ўтилган камчиликларни икки ҳафта муддатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM