ГИЁҲВАНДЛИК -ХАВФЛИ ИЛЛАТ:ЁШЛАР УШБУ ИЛЛАТГА ҚАРШИ

Бугун инсоният илм-фан, техника таррақиёти натижасида янги-янги чўққиларини забт этаётган бир даврда  миллат келажагига таҳдид солувчи гиёҳвандлик иллатининг мавжудлиги ачинарли ҳол. Шу боисдан бугун дунё ҳамжамиятида, мамлакатимизда ҳам  ушбу иллатга қарши курашиш борасида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада 26 июнь -Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни олдидан шаҳримизда ўтказилган тадбирлар аҳамиятли бўлди. Бугун, шунингдек, 2 сектор ҳудудидаги шаҳар иқтисодиёт ва сервис техникумида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, шаҳар прокурори ёрдамчиси Ж.Марданов ва 2 сектор ҳудудидаги мактабларнинг битирувчи ёшлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳам ушбу иллатнинг ёшлар ҳаётига таъсири хусусида сўз юритилди.

- Гиёҳвандлик ўта хавфли иллат, айниқса ушбу иллат таъсирига ёшларнинг тушиб қолаётгани ачинарли,-деди шаҳар ҳокими. Келажагимиз ворислари бўлган ёшларни бу каби иллатдан ҳимоя қилиш, гиёҳвандликнинг оқибатларини улар онгига чуқурроқ сингдириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи. Бу борада вояга етмаганлар билан ишлаш, Ёшлар иттифоқи, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими, соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида янада кўпроқ тарғибот, тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Ҳар бир ёш бу иллатнинг қанчалар хавфли эканлигини, ҳаётини қора зулматга айлантириш мумкинлигини онгли равишда тушуниб етсагина унга қарши кураша олишини, унинг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини таъкидлади шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Шунингдек, ўтган бир ой давомида Каттақўрғон шаҳрида гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида кўплаб тадбирлар, танловлар, хавфли иллатнинг зарарли оқибатларига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилди.

Ёшларда гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақидаги тушунчаларни шакллантиришда спорт тадбирлари, мусобақаларнинг ўрни алоҳида.

Шу мақсадда шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, шаҳар ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида “Ёшлар гиёҳвандликка қарши” шиори остида маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг шахмат, шашка, кураш, тенис, стретбол турлари бўйича мусобақалар ташкил қилинди.

Ёшларда маънавий етуклик, кенг дунёқарашнинг мавжудлиги уларни жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа турли иллатлар таъсирига тушиб қолишини олдин олишдаги муҳим омиллардан ҳисобланади.

Бу борада ёшлар ўртасида маҳаллалар, секторлар кесимида ўтказилган “Зукко китобхонлар”, “Ёш мусаввирлар” танловлари,  “Заковат” интеллектуал ўйинларида ҳам ёшлар жуда фаол иштирок этдилар.

Ушбу тадбирлар давомида ёшларга гиёҳвандликнинг инсоният ва жамият тараққиётини таназзулга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги тушунчалар берилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM