ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ 27 ИЮНЬ - МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Авваламбор, Сиз азиз журналистларни, барча жонкуяр ижодкорларни, соҳа фахрийларини 27 июнь — “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари” куни билан самимий табриклайман.

Айни вақтда мамлакатимизда соҳага ва унинг ривожига бўлган эътибор ушбу касб эгаларини янада фаоллик ва шижоат билан ишлашга ундамоқда. Интернет журналистикаси, радио, телевидение, босма нашрлар вакилларининг самарали меҳнатлари билан халқнинг ичига кириб бориб, муаммоларни очишда кўрсатаётган жонбозликлари бунинг исботидир.

Бугунги глобаллашув замонида оммавий ахборот воситалари ходимлари барча жабҳада фаолдирлар.

Шу ўринда Каттақўрғон шаҳридаги оммавий ахборот воситалари ҳамда матбуот соҳаси вакилларининг ҳам бу борадаги хизматларини эътироф этиш ўринли.

Азизлар!

Бугун Каттақўрғонда ҳам самарали фаолият юритиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз хизматлари билан шаҳримизнинг ижтимой-сиёсий ҳаётига оид янгиликларни, долзарб ва танқидий руҳдаги мақолаларни, тезкор хабарларни ҳамшаҳарларимизга етказиб келмоқдалар.

Буни шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ва “Каттақўрғон тонги” газетасининг расмий саҳифаларида чоп этилаётган материаллар, хабарлар, лавҳалар, фоторепортажлар мазмун-моҳияти, долзарблиги ва салмоғи ошганлиги, уларни кузатиб бораётган обуначилар сонининг кундан-кунга ортиб бораётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Каттақўрғон шаҳрининг маданий-маърифий ҳаётида “Каттақўрғон тонги” газетасининг алоҳида ўрни бор.

1994 йилдан буён чоп этилаётган ушбу газетага дастлаб журналист Ғайрат Шукуров, кейинчалик журналист Мамадали Эргашев, Хуршид Садуллаевлар муҳаррирлик қилишган бўлса, бугунги кунда Тохир Ҳамидов шаҳримиз газетасига муҳаррирлик қилмоқда.

Газетанинг ўқимишли, сермазмун бўлишида адабий ходимлар Ҳамидулло Ҳушвақов, Гулшода Эргашевалар билан бирга жамоатчи мухбирларнинг ҳам ҳиссалари муносиб бўлганлигини айтиб ўтиш ўринли. Жумладан, Эркатош Шукурова, Фазилат Абдуллаева ҳамда бугун орамизда йўқ бўлган Абдуазиз Ҳошимов, Азим Қодиров, Файзулло Муҳаммадиев ва Мели Жумаевларнинг турли мавзулардаги мақолалари, хабарлари газета саҳифаларини янада бойитди.

Бугунги кунда шаҳар матбуот ва оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган журналистларимиз зиммасидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар деб айта оламан.

Шаҳримиздаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини вилоят, республика матбуоти, телевидение, радио ва интернет саҳифаларида фаол тарғиб этилишида беназир ҳисса қўшиб келаётган журналистлар, матбуот котиблари, мухбирлар, барча ижодкорларга фаолларимиз ва кенг жамоатчиликнинг самимий миннатдорчилигини билдираман.

Қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Яна бир бор Сиз азизларни касб байрамингиз билан чин дилдан муборакбод этаман.

Сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ҳамда янги ижодий ютуқлар ва баркамоллик тилайман.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM