ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНГ!

Айни вақтда мамлакатимизда куз-қиш мавсуми бошланиши ва об-ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши билан аҳоли хонадонларини иситишга бўлган эҳтиёж ортиб боради.

Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки: фуқароларимиз томонидан иситиш мавсуми олдидан хонадонларда ўрнатилган иситиш печларининг хавфсиз эканлигини батафсил кўздан кечирилмаслиги оқибатида аянчли ва қайғули ҳолатлар содир бўлмоқда.

Булар асосан аҳоли хонадонларидаги ёнғинлар, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ёки портлаши, фуқароларнинг табиий ва ис газидан заҳарланишларидир.

Хусусан, шу кунга қадар шаҳримизда 33 та ёнғин ҳодисаси бўлди. Уларнинг  29 таси аҳоли яшаш хонадонлари, 2 та тадбиркорлик субъектида ва 2 таси бошқа масканларда юз берган.

Октябрь ойининг бошланиши ёки иситиш воситаларидан фаол фойдаланиш мавсуми бошланиши билан  3 та аҳоли уйларида турли кўламдаги ёнғинлар содир бўлган.

Ёнғинларнинг асосан иситиш воситаларини назоратсиз қолдирилиши, ёш болаларнинг шўхлиги, электр тармоқларидаги носозликлар, очиқ оловдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузилиши оқибатида содир бўлганлиги аниқланди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Сиз азизлардан ҳозироқ иситиш печларингизнинг техник созлигини батафсил кўздан кечиришингизни, унинг мўриси тоза эканлигига ишон ҳосил қилмасдан туриб уни ёқмаслигингизни,  газдан ва газ ускуналаридан фойдаланиш қоидаларига ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишингизни илтимос қилиб сўраймиз.

Зеро, инсон саломатлиги ва ҳаёти ҳар нарсадан устундир. Барчамизнинг оилаларимиз хавфсизлиги ўз қўлимизда.

Ф. Махматқулов,

шаҳар ФВБ бошлиғи ўринбосари, майор.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM