ШАҲАР ҲОКИМИ “ОҚ-ОЛТИН” МАҲАЛЛАСИДАГИ “ОБОД МАҲАЛЛА” ДАСТУРИДАГИ ИШЛАР БИЛАН ТАНИШДИ

Шаҳримиздаги 1-сектор ҳудудида жойлашган “Оқ-олтин” маҳалласи “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган бўлиб, маҳаллада ободончилик ишлари амалга оширилмоқда.

Бугун ушбу ҳудудда бўлган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова маҳаллада бу борада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Маҳалла ҳудудидаги таъмирталаб бўлган 3,7 км масофадаги ички кўчалар 1,85 млрд.сўм маблағлар ҳисобига таъмирланиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда дастлабки қурилиш таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. 2 км.лик шағал тош ётқизиш ишлари бажарилиб, 2,5 км, пиёдалар йўлакларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Кўчаларни ёритиш мақсадида Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 90 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Шунингдек, ҳудудда 1,5 км. тармоқ тортилиб, 24 та таянч устунлари ва 1 дона трансформатор ўрнатилди. 200 дона манзарали кўчатлар экилди.

Аҳоли яшаш хонадонларидаги шароитларни яхшилаш мақсадида режалаштирилган 54 та якка тартибдаги уй-жойлардан 22 таси таъмирдан чиқарилиб, қолганларида ҳам таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова маҳалладаги ободончилик ишларини ўрганиш давомида маҳалла фуқаролари билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини, муаммоларини эшитди. Муҳими аҳоли бугун маҳалладаги ўзгаришлардан, ислоҳотлардан мамнун. 

Бугун шунингдек, шаҳар ҳокимлигида депутатлар ва бошқа мутасаддилар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам “Обод маҳалла” Давлат дастури бўйича “Оқ-олтин” ҳамда “Нуробод” маҳаллаларидаги ишлар таҳлил қилинди. Бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгиланди. 

Шаҳар ҳокими ушбу маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар хусусда сўз юритар экан, бу борада депутатлар ва мутасаддиларни маҳаллаларни обод ва кўркам ҳудудга айлантириш бўйича бажарилаётган ишларни жойида ўрганишлари ва бу бўйича муаммоларни бартараф этишда фаол иштирок этишлари лозимлигини таъкидлади. 

Шунингдек, маҳаллаларни обод ҳудудга айлантиришда маҳалла фуқароларини ҳам ўз хонадонлари, кўчалари, маҳалласи тозалиги, саранжом-саришталигига муносиб ҳисса қўшишлари мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2021 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM