Каттақўрғон шаҳар ҳокими, Сенатор Гавҳар Алимованинг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан

Ассалому алайкум, ҳурматли аскар ва сержантлар, офицерлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Бугун бутун халқимиз мамлакатимиз ҳаётидаги буюк тарихий сана - Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллигини кенг нишонланмоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ  ишга бағишлаган сиз  азизларни чин қалбимдан муборакбод этаман!

Бугун ҳар биримиз  мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинчлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиямиз билан ғурурланамиз!

Айнан миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, ва фаровон ҳаёт қуриш демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида халқимизга таянч бўлиб келмоқда.

Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан миллий армиямизни ислоҳ қилиш ва чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегияга биноан тубдан, ижобий ўзгартиришга муваффақ бўлинди.

Минтақамизда очиқлик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган янги сиёсатни амалга ошириш доирасида Қуролли Кучларимиз Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги ҳамкасблари билан яқин шериклик алоқаларини ўрнатди ва мустаҳкамламоқда.

Ўзбекистоннинг тобора кучайиб бораётган ҳамкорлиги минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни, Марказий Осиё деб аталмиш умумий уйимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.

Дунёдаги энг юксак стандартлар даражасида ташкил этилган узлуксиз ҳарбий таълим тизими изчил ривожланмоқда.

Ҳозирги пайтда янгитдан тузилган, моҳият эътибори билан ноёб бўлган Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти мамлакатимизнинг замонавий олий таълим муассасалари қаторидан муносиб жой эгаллади.

Миллий гвардиянинг Ҳарбий-техник институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.

Жанговар тайёргарликнинг модернизация қилинган, мослашувчан тизимини жорий этиш билан уйғун ҳолда, Қуролли Кучларнинг янги ташкилий тузилмага ўтказилиши миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини бир неча баробар оширди.

Бугунги кунда бизнинг ҳарбийларимиз ўзларининг профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армияларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан бақувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда.

 

Бу эса ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.

Ҳурматли дўстлар!

Мен шу ўринда республикада ўз ўрнига ва нуфузига эга бўлган Каттақўрғон гарнизонида шараф билан хизматини ўтаётган аскарлар, сержантлар ва офицерларнинг алоҳида эътироф этмоқчиман.

Айниқса, “Армия 19, 20” халқаро харбий мусобақаларда фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган катта сержант Фаррух Одилов Президентимизнинг қарорига биноан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

Табриклаймиз!

Умуман, Каттақўрғон гарнизонида хизмат қилаётган барча харбийларимизнинг бу каби ютуқлари бардавом бўлаверсин!

Азиз дўстлар!

Халқ ва армия ўртасида ишончли кўприкка айланган ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилганидан буён “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган шиор остида  кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳарбий шаҳарчалар замонавий қиёфага эга бўлди, моддий таъминот хизматлари соҳасига аутсорсинг тизими жорий этилди. Ўтган уч йил давомида республика бўйича 8 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилар оилаларини қулай ва шинам квартиралар билан таъминлаш учун 275 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Ўйлайманки, шаҳримизда ҳам бу борада келгусида катта ўзгаришлар бўлади.

Сенат аъзоси сифатида шуни таъкидлашни истар эдимики, мамлакатимиз парламенти ўзининг кенгайтирилган ваколатлари доирасида “Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун ва мудофаа соҳасидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилмоқда.

Ўтган йили Олий Мажлис Сенати томонидан Қуролли Кучларнинг қурилиши ва ривожланиши, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташига доир долзарб масалалар юзасидан ҳарбийлашган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг маърузалари бир неча бор эшитилди.

Бугунги кунда ҳарбий бошқарувнинг самарали тизимини таъминлайдиган механизмлар ишлаб чиқилди.

 Қадрли дўстлар!

 

Айни дамда Миллий армиямизга муносабат тамоман ўзгарди. Ёшлар учун армияда хизмат қилиш шарафли бурчга айланган.

 

Ёшлар ўзларининг  Ватан ҳимоячиси сифатидаги муқаддас йигитлик бурчини чуқур англаб, ўз юртига фидойи инсон бўлиб етишишига астойдил бел боғламоқда.

Миллий армиямиз  ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, мактабига айланди.

Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Қуролли Кучларимизнинг обрўйи ва нуфузини оширишдаги катта ҳиссангизни эътироф этамиз.

Рухсатингиз билан барчангизни ушбу байрам билан яна бир бор табриклайман.

Азиз Ватанимизни ҳимоя қилишдек шарафли вазифани адо этишда барчангизга катта ютуқлар, тинчлик ва бахт-саодат тилайман!

 

14 январь 2021 йил

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM